Инсоният тарихида бурилиш ясаган зот
9 апрель – Амир Темур таваллуд топган кун
Пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида улуғ Соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллудининг 686 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан мазкур хиёбонга эрта тонгданоқ ёзувчи ва шоирлар, тарихчилар, темуршунос олимлар, маънавият тарғиботчилари, ҳарбий ўқув юртларининг курсантлари, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари таклиф этилди.
Халқаро Амир Темур Халқаро жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, тарих фанлари доктори Азамат Зиё, тарихчи олим Ҳамидулла Дадабоев Темур ва темурийлар даври меросини ўрганиш Учинчи Ренессансга қадам қўйган Ўзбекистонимизда ғоят долзарб эканини таъкидлади.
– Амир Темур кишилик тарихида бурилиш ясаган инсон, – деди Тарих институти директори, тарих фанлари доктори Азамат Зиё. – Соҳибқирон бобомиз ўша даврдаги таназзулга барҳам берди. Дунёни мўғуллар ҳукмронлигидан халос этди. Ул зот Иккинчи Уйғониш даври асосчисидир. Бунинг натижасида Европа уйғонди. Кимки ўзбек давлатчилигининг куч-қудратини билмоқчи бўлса, Амир Темур давлатчилигига боқсин. Амир Темур ўзбек давлатчилигининг қўлидан нелар келишини намоён этган буюк шахсдир.
Дарҳақиқат, жаҳон олимлари томонидан ҳамон катта қизиқиш, ҳайрат билан ўрганилувчи буюк аждодимиз Амир Темур номи мардлик, шижоат, жасорат, адолат, эл-юрт манфаатларини устун билиш каби тушунчалар билан бевосита боғлиқдир. Соҳибқирон асос солган улкан давлатчиликнинг муҳим тамойиллари унинг буюклиги, мустаҳкамлиги, бетакрор куч-қудрати, одилликни, халқпарварликни устувор билгани билан ҳамоҳангдир.
Мустақиллик йилларида диёримиз тарихини мутлақо янгича тарзда, холис ва ҳаққоний ўрганиш масаласи Амир Темур ҳазратлари, унинг мероси, жаҳонгир бобомиз асос солган бениҳоя қудратли салтанат, темурийлар даври билан боғлиқ ўтмишга реал баҳо бериш, уни янада чуқурроқ ўрганиш имконини бергани билан аҳамиятлидир.
Аслида Темур ва темурийлар сулоласига бўлган қизиқиш улуғ Соҳибқирон бобомизнинг унинг ўз ҳаётида қатъий амал қилган халоскорлик, ҳақиқатни устувор билиш, бағрикенглик, тенглик, халқпарварлик ғоя ва йўл-йўриқлари, умр мазмунига айлантирган инсонпарвар ва адолатпарвар шиори билан уйғундир. Бу улуғ зотнинг бунёдкорлик, заифларга кўмак кўрсатиш, ижтимоий ҳамжиҳатлик, илм-маърифат, санъат, ҳунар аҳлига эътибор ва рағбат кўрсатиш борасидаги эзгу ишлари дунё олимлари томонидан кенг эътироф этилган. Бу эса улуғ Темурга бағишланган илмий, бадиий, саҳна асарларининг яратилишига сабабчи бўлган.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари томонидан жанг санъатидан намуналар ижро этилди. Тошкент давлат шарқшунослик университети талабалари томонидан Амир Темур ўгитлари ўзбек, рус, корейс, япон, турк, форс, инглиз, француз тилларида ўқиб берилди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Қозоғистон Республикаси бўлими раиси Икром Ҳошимжонов қардош халқлар ҳам Амир Темурнинг эзгу амаллари, ҳаётбахш шиорларини миннатдорлик билан асрлар оша ёдда сақлаб келаётганини таъкидлади.
Тантанада Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Рустам Мусурмон “Амир Темур қурган иморат” номли шеърини ўқиб берди. Тадбир иштирокчилари буюк Соҳибқирон бобомиз ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчилари Абдужаббор Абдувоҳитов, Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Шу куни Темурийлар тарихи музейида Соҳибқирон бобомиз фаолияти, жаҳон тарихидаги ўрнига бағишланган халқаро конференция, кўргазма ҳам ташкил этилди.
[gallery-6559]
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири