Инсон тақдирини ўзгартираётган меҳр ва масъулият
Ҳар бир инсон бахтли ҳаёт кечиришни истайди. Аммо ҳаёт йўллари ҳамма учун ҳам бирдек кечмайди. Кимдир саломатлигидан айрилади, кимдир яқинини йўқотади, яна кимдир ногиронлиги ёки оғир турмуш шароити туфайли кундалик ҳаётда бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлади. Ана шундай инсонлар учун энг муҳими моддий ёрдам эмас, балки уларни тушунадиган, дардига қулоқ тутадиган инсоннинг борлигидир.
Шундай пайтларда уларнинг эшигини ижтимоий ходим тақиллатади. Унинг вазифаси фақат ҳужжат расмийлаштириш ёки хизмат кўрсатиш билан чекланмайди. Ижтимоий ходим инсон тақдирига дахлдор бўлади, муаммоларни ўрганади, ечим излайди, зарур ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Айрим ҳолларда руҳий далда, айрим ҳолларда эса ҳаётга ишонч бағишлайди.

Шаҳрисабз шаҳрининг Қорасув маҳалласида 2025 йил январь ойидан буён фаолият юритаётган ижтимоий ходим Шаҳноза Исматованинг меҳнати ана шундай хайрли ишлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда 3 минг 400 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада у томонидан 45 дан зиёд оила бўйича “Ижтимоий иш” кейслари очилиб, ҳар бири учун индивидуал режалар асосида манзилли ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.

Шулардан бири I гуруҳ ногиронлиги бўлган, кўзи ожиз Лазиз Жўраев оиласидир. Ижтимоий ходим томонидан оиланинг ижтимоий аҳволи ўрганилиб, уларнинг “Ижтимоий реестр”га киритилгани инобатга олинди. Фуқаронинг мустақил ҳаракатланишини енгиллаштириш мақсадида махсус ҳасса билан таъминланди. “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида уйда парвариш хизмати йўлга қўйилиб, турмуш ўртоғи қаровчи сифатида бириктирилди.

Шу билан бирга, турмуш ўртоғи Гулчеҳра Жўраева учун уй шароитида патир ва қатлама тайёрлаб сотиш имконияти яратилди. Савдо нуқталари билан ҳамкорлик ўрнатилиши орқали оиланинг даромад манбаи шакллантирилди. Бугунги кунда Лазиз Жўраев электр устасига шогирд сифатида бириктирилган бўлиб, уйидаги оддий электр таъмирлаш ишларини мустақил бажара олади. Бу эса унда касбий кўникмалар шаклланаётганидан далолат беради.

Маҳаллада истиқомат қилувчи II гуруҳ ногиронлиги бўлган Дилобар Хуррамова ҳаётида ҳам ижтимоий хизматлар муҳим ўзгаришларга сабаб бўлди. Ишсиз бўлган фуқаро мурожаати асосида унинг имкониятлари ўрганилиб, махсус ижтимоий лойиҳа ишлаб чиқилди.

Ушбу ташаббус асосида ногиронлиги бўлган ҳамда “Ижтимоий реестр”да турган оилаларнинг беш нафар хотин-қизи иштирокида ментал арифметика тўгараги ташкил этилди. Натижада иштирокчилар янги касб-ҳунарни эгаллаб, даромад топиш имконига эга бўлишди. Дилобар Хуррамова ҳам айнан шу лойиҳа орқали иш билан таъминланиб, ҳозирда хусусий мактабгача таълим ташкилотида меҳнат қилмоқда.

Бу каби мисоллар ижтимоий ҳимоя тизими фақат нафақа ёки моддий кўмак бериш билан чекланмасдан, инсонларнинг мустақил ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шароит яратишга хизмат қилаётганини кўрсатади. Энг муҳими, ҳар бир ҳал этилган муаммо ортида инсон тақдири, унинг эртанги кунга бўлган ишончи ва янги имкониятлари мужассам.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири