Инсон саломатлигини сақлаш шарафли ишдир
Наманганда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Президентимизнинг 2020 йил 25 июлдаги “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2020 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Бошқарма бошлиғининг ўринбосари Учқун Муродовнинг қайд этишича, Наманган вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман ҳудудий бўлимларида бугунги кунда 317 нафар врач, 590 нафар ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Радиология, вирусология, бактериология, ўта хавфли юқумли касалликлар, паразитология, санитария-гигиена лабораториялари ишлаб турибди. Уч миллионлик маррани ортда қолдирган вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик хотиржамлиги ва радиацион хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур назорат тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.

Юқумли ва паразитлар касалликлари профилактикаси, уларнинг олдини олиш ва тарқалишига қарши кураш тадбирлари натижасида вилоят аҳолиси ўртасида ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан, куйдирги, ўлат, вабо, турли хил геморрагик иситмалар, қутуриш ва бошқа бир қатор хасталикларга тўла барҳам берилган. Шунингдек, 13 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши аҳолини эмлаш 97 фоизга қадар қамраб олинган. Барча ҳудудий бўлимлар ва эмлаш пунктларини замонавий музлатгич ва совутгичлар билан тўлиқ таъминлаш, вакцинатор ходимларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят бошқармаси ҳамда унинг Учқўрғон тумани бўлими лабораториялари комплекси халқаро стандартлар талаблари асосида аккредитациядан ўтказилди. Уйчи ва Поп туманлари лабораториялари комплексида ҳам аккредитациядан ўтказиш учун тайёргарлик тадбирлари давом этмоқда. Бошқарма бошлиғининг ўринбосари Дилмурод Эргашевнинг қайд этишича, ўтган 2023 йил давомида вилоят бўйича овқатдан заҳарланиш ҳодисаси рўйхатга олинмаган. Ҳисобот даврида, 1506 та даволаш-профилактика муассасаси, мактаб ва боғча, 113 та тадбиркорлик объектида ўтказилган текширишлар давомида аниқланган 1174 та қоидабузилиш юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан жами 2 миллиард 800 миллион сўмдан зиёд жарима қўлланилган.
Матбуот анжуманида вилоятдаги санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш борасида тизим ходимлари ҳамда журналистлар ўртасида узвий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири