Инсон қадриятлари ва ҳуқуқларини таъминлашдаги ислоҳотлар
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан “Адолат” СДП фракцияси, парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.
“Янги Ўзбекистон – инсонпарвар демократик давлат: инсоннинг олий қадриятлари, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш масалалари суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асоси” мавзусида ташкил этилган мулоқотда мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимида босиб ўтилган тарихий йўл ҳақида сўз борди. Инсон, хусусан, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ютуқлар, бу борада парламент ва суд ҳокимияти ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда истиқлол юртимизда эркин ва адолатли ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлгани, бугунги кунда суд тизими мустақиллигини кучайтириш ва одил судлов сифатини ошириш устувор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.

Муҳокамалар жараёнида “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зуҳриддин Мавлонов конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, инсон қадрини улуғлашга қаратилган қонунчилик ташаббуслари ва бу жараёндаги парламент назоратига атрофлича тўхталди.
Шунингдек, аёллар ва болалар ҳуқуқларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш, мазкур йўналишдаги халқаро стандартларни миллий амалиётга татбиқ этиш ва ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинди.
М.Комилова, ЎзА