Инсон қадри -улуғ қадрият (+видео)
Халқимиз азалдан кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳаёт йўлини қадрлаш каби эзгу фазилатларни юксак қадрият деб билади. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университети томонидан “9-май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига қарашли Тошкент шаҳар ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида бўлиб ўтган мазкур тадбир “Кексаларни қадрлаш – улуғ қадрият!” номли эзгу ғоя остида ўтказилди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар хотира ва қадр тушунчаларининг моҳиятига тўхталиб, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган нуронийлар доимо давлатимиз ва жамиятимизнинг эътиборида эканлигини эътироф этдилар. Бугунги дориломон кунларга етказган, кекса авлод вакилларининг ҳаёт йўли ёш авлод учун ибрат мактаби эканлиги алоҳида таъкидланди. Тадбир давомида марказ нуронийлари учун Жамоат хавфсизлиги университети Оркестри ҳамда 1- ва 2-курсантлар батальони курсантлари иштирокида махсус концерт дастури ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Ёш ижрочилар томонидан куйланган Ватанга, тинчликка ва оналарга бағишланган куй ва қўшиқлар иштирокчиларига чинакам байрамона кайфият бағишлади. Бу эса нуроний отахон ва онахонларнинг мароқли ва мазмунли маданий ҳордиқ чиқаришларига замин яратди.
Концерт дастурининг якунида Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети раҳбариятининг байрам табриклари ўқиб эшиттирилди ва нуронийларга эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ушбу эзгу ташаббус нафақат фахрийларнинг кўнглини кўтаришга, балки ёш кадрларни – бўлажак офицерларни халққа хизмат қилиш, кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ydvhChbyPeE" title="Inson qadri -ulug` qadriyat " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА