Инсон қадри ҳамма нарсадан устун
Инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимларнинг фидокорона меҳнати туфайли кўплаб инсонлар ҳаётида янги умид, янги имконият ва янги саҳифалар очилмоқда. Бухоро вилояти Жондор тумани “Қозикент” маҳалласида амалга оширилаётган эзгу ишлар ана шу эзгу ғояларнинг амалий ифодаси сифатида эътирофга лойиқ.
Жондор туманидаги “Қозикент” маҳалласида ижтимоий ходим Салоҳиддин Баҳридинов томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш сифати ва жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида манзилли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда 3 375 нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада 80 нафар ногиронлиги бўлган шахс ҳамда 3 нафар ёлғиз кекса доимий ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган. Бу эса ҳар бир эҳтиёжманд инсон давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаётганининг амалий тасдиғидир.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида 5 нафар фуқаро зарур ижтимоий хизматларга жалб этилди. Шунингдек, 4 нафар ногиронлиги бўлган шахс адаптив спорт машғулотларига йўналтирилди. Бу орқали уларнинг жисмоний соғлигини мустаҳкамлаш, руҳий барқарорлигини ошириш ҳамда жамиятга фаол интеграциялашувига кенг имконият яратилди.

Маҳаллада бандликни таъминлаш масаласи ҳам доимий эътибор марказида. Натижада 14 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг иш билан таъминланишига эришилди. Шу билан бирга, 33 нафар эҳтиёжманд фуқарога протез-ортопедия мосламалари ва реабилитациянинг техник воситалари етказиб берилди. Бу каби амалий ёрдамлар уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу эзгу ишлар орасида Давронова Дилдоранинг ҳаёт йўли алоҳида эътиборга сазовор. 1983 йилда туғилган, биринчи гуруҳ ногирони бўлган Дилдора опа йиллар давомида ҳаракатланишда катта қийинчиликларга дуч келган эди. Маҳалла ижтимоий ходими унинг ҳаётий эҳтиёжларини чуқур ўрганиб, индивидуал ижтимоий хизмат режасини ишлаб чиқди.
Натижада унга замонавий электр юритмали ногиронлик аравачаси топширилди. Бу нафақат унинг мустақил ҳаракатланишини таъминлади, балки ташқи дунё билан мулоқот қилиш, жамоат ҳаётида фаол иштирок этиш ва ўз имкониятларига бўлган ишончини қайта тиклашга хизмат қилмоқда.
Дилдора опанинг соғлигини мустаҳкамлаш мақсадида санаторийда даволаниши ташкил этилди, психологик қўллаб-қувватлаш хизмати кўрсатилди. Бу эса ижтимоий хизматлар фақат моддий ёрдам эмас, балки инсоннинг руҳий барқарорлиги ва ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам қаратилганини намоён этди.

Оиланинг ижтимоий барқарорлигини таъминлаш мақсадида унинг келини расман қаровчи сифатида ишга расмийлаштирилди. Эндиликда у қайнопасига меҳр ва садоқат билан ғамхўрлик қилиш баробарида меҳнат стажига ҳам эга бўлмоқда. Шунингдек, оилага электр энергияси ва табиий газ тўловлари учун компенсация тайинланиб, ҳомийлар томонидан моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Лекин энг катта ютуқ шундаки, ижтимоий қўллаб-қувватлаш фақат ёрдам бериш билан чекланиб қолмади. Маҳаллада амалга оширилган “Мини лойиҳа” доирасида Дилдора опага бўш ер майдони ажратилиб, тикувчилик цехи ташкил этилди. Бугун ушбу цех унинг даромад манбаи бўлиш билан бирга, бошқалар учун ҳам имконият эшигини очган ҳунармандчилик масканига айланди.
Айни пайтда Дилдора опанинг етти нафар шогирди бор. Улар орасида эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ҳам мавжуд бўлиб, тикувчилик сирларини мутлақо бепул ўрганмоқда. Демак, бир инсонга яратилган имконият бугун яна етти нафар ёшнинг келажагига нур сочмоқда. Бу эса ижтимоий ҳимоянинг энг юксак натижаси — инсонни боқиманда эмас, балки жамиятга наф келтирадиган шахсга айлантиришдир.
Қозикент маҳалласида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва эзгулик тамойиллари амалда ўз ифодасини топаётганининг ёрқин намунасидир. Бир инсоннинг ҳаётида юз берган ижобий ўзгариш бутун бир оиланинг, ҳатто жамиятнинг келажагига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини Дилдора опанинг ҳаёт йўли яна бир бор исботлаб турибди. Инсонга ишонч билдирилса, имконият яратилса ва меҳр кўрсатилса, у нафақат ўз тақдирини, балки бошқаларнинг ҳам ҳаётини ўзгартира олади. Ана шундай эзгу ишлар Янги Ўзбекистоннинг энг улуғ бойлиги — инсон қадри ҳамма нарсадан устун эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири