Инсон қадри, эл-юрт бахти учун
Бугун мамлакатимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни кенг нишонланмоқда.
Ушбу кун муносабати билан "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимидаги завод, бошқарма ва корхоналарда "Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!" шиори остида бир қатор маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ҳамда саёҳатлар ташкил этилди.

Ишчи-ходимлар ўртасида мини-футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, гимнастика каби спорт турлари бўйича мусобақалар ва "Заковат" интеллектуал ўйинлари ўтказилди. Меҳнат фахрийлари ва касаба уюшма қўмитаси фаоллари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилиб, улар касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирланди. Байрам арафасида корхоналарда таниқли санъаткор ва хонандалар иштирокида концерт дастурлари намойиш этилди.

Касаба уюшма қўмитаси фаоллари Хива, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳатга олиб борилди. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ хотин-қизлар масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан ушбу санага бағишлаб аёллар ўртасида флешмоблар ўтказилди.
Жамият ахборот хизмати мутахассиси Инобат Эрназарованинг таъкидлашича, тизимда ўтказилган бу каби тадбирлар, аввало, ишчи-ходимлар ўртасидаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

–Масалан, спорт мусобақалари ва интеллектуал ўйинлар иштирокчиларнинг жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантиради. Ҳар бир ишчи ўзини жамоанинг бир қисмидек ҳис қилиб, ўз вазифасини янада масъулият билан бажаришга ҳаракат қилади. Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва унинг тизимида ташкил этилган бундай тадбирлар ишчиларни ягона мақсадга ундайди, – деди И.Эрназарова.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА