“Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради”
Бухорода “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
–Партиянинг бош ғояси саналган таълим-тарбияни қайта ислоҳ қилиш, ўзбек тилининг мавқеини ошириш, ўқитувчилар мақомини кўтариш, “Давлат тили ҳақида”ги қонунни қайта ишлаб чиқиш, миллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, Миллий контент ва аёллар учун мослашган иш ўринлари яратиш каби масалаларга дастур лойиҳасида устуворлик берилмоқда,– дейди тақдимотда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова.

Тадбир давомида бу йилги сайловолди дастурда ҳам бош ғоя саналган “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради” ғояси асосида таълим йўналишини янада ривожлантириш, мактабгача таълим жараёнидан бошлаб мактабларда, олий таълим муассасаларида фақат сифатли кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш, хотин-қизлар учун жамиятда муносиб иш ўринлари ва меҳнат шароитини яратиш, фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, миллий кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш ва, энг асосийси, ёшлар билан ишлашда уларнинг хоҳиш -истакларини инобатга олган ҳолда касбга тайёрлаш ёки таълим соҳаси бўйича йўналишларни белгилаб бериш каби тармоқларни ўз ичига олган дастур муҳокама қилинди.

Тақдимот маросимида иштирокчилар томонидан сайловолди дастури бўйича таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ўзбек тилини янада ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотларни ҳам тараққиётимизга таянган ҳолда ишлаб чиқиш бўйича янги таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланди.
– Партиянинг янги сайловолди дастури лойиҳасида ёшлар ҳаёти билан боғлиқ таклиф ва ташаббуслар менга маъқул келди, – дейди Бобур номидаги давлат стипендияси соҳиби, тадбир иштирокчиси Шоҳижаҳон Урунов. –Партия ўз ғояларидан келиб чиқиб, биз ёшларнинг таълим-тарбияси, маънавиятини мустаҳкамлаш, “оммавий маданият”, ижтимоий тармоқларнинг зарарли таъсирлари, терроризм ва экстремизм иллатларидан ҳимоя қилиш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини асраш билан боғлик муҳим таклифларни илгари сурганки, улар келажакда ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етишимизда муҳим аҳамият касб этади.

–Бугун қаерга қараманг, қаерга борманг, Давлат тили билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларига кўзингиз тушади, –дейди партиядан сайланган вилоят Кенгаши депутати Лола Эргашева. –Тил миллат борлигини кўрсатувчи энг асосий қадрият экан, уни ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг ватанпарварлик бурчимиз бўлиши лозим. Шу маънода партия дастурида давлат тили мақоми ва нуфузини оширишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар айнан бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, жойлардаги ижросини бирдек таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, партиянинг бундай ғоялари ҳаётийлигини таъминлаш учун сайловолди дастури тарғиботини кучайтириш лозим, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, пировард мақсад бўлажак сайловда энг юқори натижага эришиш ва сайловчилар ишончини қозонишдир.
Зеро, ягона мақсад халқимизни рози қилишга ҳисса қўшиш, унинг фаровонлиги, юртимиз тараққиёти йўлида мақсадларимизни амалга оширишдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири