Инновация ва тажриба — юқори ҳосил кафолати
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида фермерлар учун ўтказилган амалий давра суҳбати ва кўргазмали семинарда аномал иссиқ шароитида пахта ҳосилдорлигини сақлаб қолиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, Хитойнинг Шинжон технологиясини самарали қўллаш ҳамда такрорий экинлардан юқори самара олиш масалалари муҳокама қилинди.
"Ҳасанбой–Ҳусанбой" фермер хўжалиги ҳудудида жойлашган Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази қошидаги Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Сирдарё илмий-тажриба станциясида Республика фермерлар кенгаши ҳамда унинг Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Республика фермерлар кенгаши, унинг вилоят ва туман бўлимлари, Сирдарё вилояти Агрохизматлар маркази, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси мутахассислари, олимлар, илғор фермерлар ҳамда аграр соҳа вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда фермерларнинг билим ва малакасини мунтазам оширишга қаратилган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги ва кескин иссиқлар кузатилаётган шароитда юқори ҳосилдорликка эришишнинг асосий омили — инновацион технологияларни кенг жорий этиш, агротехник тадбирларни илмий асосда ва ўз вақтида амалга ошириш ҳамда мутахассислар тавсияларига қатъий амал қилишдир. Шу боис семинар назарий мулоқот билан чекланмай, дала шароитида ташкил этилган амалий машғулотлар билан давом эттирилди.
Семинар давомида мутахассислар пахтачиликда Хитойнинг Шинжон технологиясини қўллаш, томчилатиб суғориш тизимини кенгайтириш, микроўғитлардан самарали фойдаланиш, агродронлар ёрдамида экинларни мониторинг қилиш ҳамда аномал иссиқнинг салбий таъсирини камайтириш бўйича илмий асосланган тавсиялар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилда Сирдарё вилоятида 75 минг 220 гектар майдонга пахта экилган бўлиб, унинг 50 минг гектарида Шинжон технологияси асосида томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Бу сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, ўсимликнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-30470]
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фермерлар кенгаши ҳузуридаги Фермерларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ҳудудий вакили Илҳомжон Олимов очиб берди. У кейинги йилларда аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, илм-фан ва инновацияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, фермерларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириш ҳамда уларни молиявий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Фермерларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ярмида Сирдарё вилоятидаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун жами 6,4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шундан 5,1 миллиард сўми қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини харид қилишга, 1,3 миллиард сўми эса хўжаликларнинг айланма маблағларини шакллантиришга йўналтирилди.
Сирдарё вилояти Агрохизматлар маркази илмий ходими Дониёр Тожибоевнинг таъкидлашича, июль ойи пахтачиликда ҳосилга ҳосил қўшиладиган энг масъулиятли палла ҳисобланади.
— Бугунги аномал иссиқ шароитида ғўзанинг ҳар бир тупини асраб қолиш муҳим вазифага айланмоқда. Тупроқ намлиги 60–70 фоиз даражасида сақланиши, суғориш, культивация ва чеканка ишлари ўз вақтида амалга оширилиши лозим. Ҳозирги босқичда ҳар бир кўсак тақдирини белгилайдиган асосий омиллардан бири микроўғитлардан тўғри ва меъёрида фойдаланишдир. Рух, темир ва бошқа микроэлементларга бой ўғитлар кўсакларнинг тўлиқ шаклланиши ҳамда ҳосил сифати ошишига ижобий таъсир кўрсатади, — деди олим.
Унинг қайд этишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва соҳа олимлари томонидан ишлаб чиқилган саккизта муҳим агротехник тавсияни амалда тўлиқ бажариш орқали пахта ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириш мумкин.
Семинарда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгашининг фермер ва деҳқонларга қаратилган қўшма мурожаати мазмун-моҳияти ҳам иштирокчиларга етказилди.
Унда таъкидланганидек, жорий йилда республика бўйича 889,5 минг гектар, шундан 305,2 минг гектар майдонда Шинжон технологияси асосида пахта парваришланмоқда. Июль ойининг иккинчи ярми ва август ойининг биринчи ўн кунлиги пахта тақдирини ҳал қиладиган энг масъулиятли давр экани қайд этилиб, ҳар бир фермер хўжалигида «Долзарб – 20 кун» режаси асосида суғориш, культивация, чеканка ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш ишларини кечиктирмасдан ташкил этиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.
Республика фермерлар кенгаши мутахассиси Зайниддин Файзуллаев фермерларга пахтачиликда жорий этилаётган замонавий технологиялар хусусида маълумот бериб, 1 августдан бошлаб ғўзага этефон препаратини қўллашнинг афзалликларини тушунтирди.
— Этефон гербицид эмас, балки кўсакларнинг бир вақтда пишиб етилиши ва очилишини таъминлайдиган замонавий агротехнологик восита ҳисобланади. Уни белгиланган муддат ва меъёрларда қўллаш ҳосил сифатини яхшилаш, терим самарадорлигини ошириш ҳамда пахтанинг бир вақтда пишиб етилишига хизмат қилади, — деди мутахассис.
Сирдарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари пахтачиликда учраётган зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш бўйича амалий тавсиялар берди.
Қайд этилишича, айни пайтда ўргимчаккана, шира ва трипс каби зараркунандаларга қарши кимёвий ва биологик усуллар уйғунлигида кураш олиб борилмоқда. Шунингдек, аномал иссиқнинг салбий таъсирини юмшатишга хизмат қилувчи махсус препаратлар қўлланилаётгани, туманларда бунинг учун зарур воситалар захираси етарли экани маълум қилинди.
Семинар давомида фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди, илмий тавсияларнинг амалдаги натижалари юзасидан фикр алмашди.
«Ҳасанбой–Ҳусанбой» фермер хўжалиги раҳбари Омон Холқуловнинг таъкидлашича, бундай амалий семинарлар фермерлар учун ҳақиқий тажриба мактабига айланмоқда.
— Президентимиз илмга таяниш орқали юқори натижага эришиш мумкинлигини доим таъкидлаб келмоқдалар. Биз ҳам илмни олимлар ва мутахассислардан ўрганамиз. Бу йилги аномал иссиқ шароитида ҳар бир тавсиянинг аҳамияти янада ортди. Хўжалигимиздаги 100 гектар ер майдонининг 60 гектарига буғдой, 40 гектарига эса Шинжон технологияси асосида пахта экилган. Буғдойдан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида мош жойлаштирд. Бугунги семинарда олган билимларимиз юқори ҳосил етиштиришда муҳим дастуриламал бўлади, — деди фермер.
Тадбир якунида иштирокчилар пахта майдонида ташкил этилган кўргазмали семинарда ғўзани парваришлаш, микроўғитлардан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни қўллаш ҳамда зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш бўйича амалий кўрсатмалар билан танишди.
Мутахассислар фермерларни қизиқтирган барча саволларга жавоб бериб, «Пахтага қўшимча ишлов беринг ва ҳосилингизга ҳосил қўшинг!» шиори остида илмий асосланган агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишнинг аҳамиятини яна бир бор тушунтирди.
Таъкидланганидек, бугун пахта майдонида ўз вақтида ва илмий асосда бажарилган ҳар бир агротехник тадбир эртанги мўл ҳосилнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Илм-фан, инновация ва илғор тажрибаларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш қишлоқ хўжалигини янада барқарор ривожлантириш, ҳар бир гектар ердан юқори самара олиш, фермерлар даромадини ошириш ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга мустаҳкам замин яратади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА