Инновацион стартап кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-қизлар ўртасида ўтказилаётган "IT Queens - Келажакни яратувчи қизлар" инновацион стартап кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.
Очилиш маросимида университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори О.Дуйсенбаев, танловга бириктирилган масъул, Тошкент давлат юридик университети Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси У.Ҳайдарова сўзга чиқиб, тадбирнинг ёшларни замонавий ахборот технологиялари ва инновацион фаолиятга кенг жалб этишдаги аҳамиятини таъкидлади. Тадбир давомида иштирокчиларга танловнинг мақсад ва вазифалари, шартлари ва баҳолаш мезонлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Талаба-қизларни танловнинг ҳудудий босқичида фаол иштирок этаётгани билан қутлади ва уларга муваффақиятлар тилади.

Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирокчилар ўзларининг IT соҳасидаги билим ва кўникмалари, инновацион ғоялари ҳамда ижодий ёндашувларини намойиш этди. Мазкур танлов ёш хотин-қизларнинг ахборот технологиялари ва инновациялар соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Танлов якунида веб-ишланмалар йўналиши бўйича Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Г.Мамбетмуратова, рақамли таълим йўналиши бўйича Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси З.Азилова, сунъий интеллект йўналиши бўйича Қорақалпоқ давлат тиббиёт институти талабаси Н.Қониратбаева, киберхавфсизлик йўналиши бўйича Нукус давлат техника университети талабаси М.Бекназаровалар биринчи ўринларни эгаллади. Шунингдек мобил иловалар йўналиши бўйича Нукус давлат педагогика институти талабаси Г.Худайбергенова, ақлли қурилмалар йўналиши бўйича Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Ш.Саатбаева, анъанавий дастурий таъминот йўналиши бўйича Нукус давлат педагогика институти талабаси Д.Ўмирбаева, автоматлаштирилган тизимлар йўналиши бўйича Нукус давлат техника университети талабаси Ҳ.Ибрагимова ғолиб бўлди.
Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Фаол иштирок этган талаба-қизлар ҳам фахрий ёрлиқлар билан рағбатлантирилди. Ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўринни эгаллаган иштирокчилар 9 октябрь куни бўлиб ўтадиган танловнинг Республика босқичида қатнашиш учун тавсия этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири