Инкубаторлар халқ “дарди” га дармон бўлмоқда
Бухоро вилояти Жондор туманида маҳаллабай тизимида самарали ишлар амалга оширилмоқда.Ишчи гуруҳи ҳудудда ишсиз фуқароларни доимий иш билан таъминлаш ҳамда имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига оилавий тадбиркорлик тармоқларини кўпайтириш мақсадида навбатдаги янги лойиҳани бошлади.
4-сектор ишчи гуруҳи аҳолини тадбиркорликка ўргатиш орқали даромад манбаини шакллантириш учун хонадонма-хонадон юриб уй шароитида инкубатордан фойдаланиш, жўжа етиштириш жараёнини тушунтирмоқда. Бу мазкур йўналишда тадбиркорлик қилиш истаги бўлган 400 нафар фуқароларнинг рўйхатини шакллантириш имконини ҳам берди.

Қисқа вақт оралиғида Давлат солиқ қўмитаси штаби сайи-ҳаракати билан туманга чет элда ишлаб чиқарилган 120 дона замонавий инкубаторлар келтирилди. Айни кунларда ҳар томонлама қулай бўлган ушбу замонавий инкубаторлар шакллантирилган рўйхат асосида аҳолига имтиёзли кредит маблағлари асосида етказиб берилмоқда.
“Навгади” маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида яшовчи Илёс Бобоев илгари товуқчилик билан шуғулланганлиги сабабли ушбу йўналиш сердаромад эканлигини яхши билади. Шунинг учун ҳам биринчилардан бўлиб инкубатор олиш истаги борлигини билдирган эди. 4-сектор ишчи гуруҳи яқинда унинг хонадонига 500 та тухумга мўлжалланган инкубаторни ва тухумларни етказиб берди.

– Шу пайтгача ишсиз эдим, – дейди “Охших” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи “Аёллар дафтари” га киритилган Мадина Ҳомидова. – 4-сектор ишчи гуруҳи таклифи ва кўмаги билан инкубаторлик бўлдим. Энди доимий даромад манбаига эгаман.
Шакллантирилган рўйхатга асосан ушбу ҳудудда Мадина Ҳомидовага ўхшаган жами 400 нафар ишсиз фуқаролар инкубаторлик бўлди. Фуқароларга таклиф этилаётган ушбу имтиёзли кредитлар асосида 500 тадан 1000 тагача жўжа очадиган инкубаторлар маъқул бўлмоқда. Инкубаторлар эҳтиёжманд оилаларга имтиёзли кредитлар асосида 3 йил муддатга берилмоқда. Инкубаторларнинг ўртача нархи эса 6 миллион 800 минг сўмни ташкил этади.

Туманда бошланган бу борадаги ташаббус кўплаб фуқароларнинг, айниқса, “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган аҳоли қатламининг тадбиркорликка бўлган иштиёқини ошириб, оилаларга барака олиб кирмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА