Инклюзия ва махсус таълим миллий форуми ўтказилди
Сирдарё туманидаги 10-сонли кўп тармоқли мактаб-интернатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 августдаги «Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида «Инклюзия ва махсус таълим миллий форуми» бўлиб ўтди.
«Ҳар бир имконият — янги келажак сари қадам» шиори остида ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун зарур шароитларни яратиш ҳамда инклюзив таълимни амалиётга самарали татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Форумда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси, инклюзив таълим ташкил этилган умумтаълим мактаблари директорлари, директор ўринбосарлари, махсус педагоглар ҳамда психологлар иштирок этишди.
[gallery-31083]
— Бугун инклюзив таълим тушунчаси фақат таълим олиш имкониятини яратиш билан чекланмайди. У ҳар бир боланинг қобилияти, эҳтиёжи ва имкониятини инобатга олган ҳолда таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш, қулай психологик муҳит яратиш, унинг тенгдошлари билан биргаликда билим олиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлашни ҳам назарда тутади. Соҳадаги ёндашувлар ҳам ана шу мақсадга қаратилган, — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси шуъба мудири Наргиза Турдимуродова.
Тадбир давомида инклюзив таълимнинг мазмун-моҳияти, таълим муассасаларида уни самарали ташкил этишнинг замонавий усуллари, педагогик ёндашувлар ва амалиётда учраётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, URX ва IRX платформаларидан фойдаланиш имкониятлари, рақамли воситалар ёрдамида таълим жараёнини такомиллаштириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчиларни қўллаб-қувватлашнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Инклюзив таълимни ташкил этишда таълим муассасасида тўсиқсиз ва қулай муҳит яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, бундай таълим самарадорлиги нафақат дарс жараёни, балки мактабнинг жисмоний муҳити, педагогларнинг ёндашуви, психологик қўллаб-қувватлаш ва жамоадаги соғлом муносабатларга ҳам бевосита боғлиқ. Президент қарорининг ўзида ҳам таълим ташкилотларида тўсиқсиз ва инклюзив муҳитни шакллантириш, ассистив жиҳозлар билан таъминлаш, индивидуал таълим режалари ва коррексион-педагогик қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Форум доирасида иштирокчилар учун тренинглар, амалий машғулотлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Уларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар билан ишлаш жараёнида учрайдиган турли вазиятлар муҳокама қилиниб, уларга самарали ечим топиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Мутахассислар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, инклюзив синфларда таълим сифатини ошириш, болаларнинг индивидуал қобилиятларини ривожлантириш ва уларни ижтимоий муҳитга мослаштириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Бугун мамлакатимизда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш ва уларни ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш борасида янги механизмлар жорий этилмоқда. Президент қарори билан 2026–2028 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, унда болаларнинг яшаш жойига яқин ҳудудда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, инклюзив ва коррексион таълим шаклларини ривожлантириш, таълим муассасаларида тўсиқсиз муҳит яратиш каби вазифалар белгиланган.
Сирдарё туманида ўтказилган миллий форум ана шу вазифалар ижросини таъминлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, мутахассисларнинг амалий кўникмаларини бойитиш ва инклюзив таълимни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА