Инклюзив таълимда халқаро ҳамкорлик
Юртимизда инклюзив таълимга бўлган эътибор янги даража касб этмоқда. Бунда индивидуал ёндашув муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар малакаси ҳам мунтазам оширилмоқда. Соҳада илғор мамлакатлар билан йўлга қўйилаётган ҳамкорликлар эса ўзига хос тажриба мактаби бўлмоқда.
Шу мақсадда Озарбайжондаги ДОСТ Инклюзив ривожланиш ва ижод маркази билан ҳамкорлик меморандуми доирасида Боку шаҳрида учрашув ўтказилди.


Учрашувда ижтимоий ҳимоя соҳасида тажриба алмашиш, инклюзив амалиётларни ривожлантириш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Дастур доирасида гуруҳли лойиҳаларни амалга ошириш ва бенефициарлар билан ишлаш жараёнлари билан танишиш, кўнгиллилар билан ишлаш бўлими фаолиятини ўрганиш, волонтёрликка номзодлар билан учрашувлар ўтказиш, саралаш ва мослашув (адаптация) билан боғлиқ ўқув жараёнлари билан танишиш режалаштирилган.


Таъкидланишича, олинган тажриба Ўзбекистонда инклюзив амалиётларни ривожлантириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришда қўлланилади.
Шербек Исломов, ЎзА