Инклюзив таълим истиқболлари
Ҳар бир бола, жумладан ногиронлиги бор ўғил-қиз ҳам сифатли таълим олиш ҳуқуқига эга. Инклюзив таълим — бу барча болаларни, уларнинг имкониятлари, эҳтиёжлари ва ўзига хосликларидан қатъи назар, умумий таълим тизимида қамраб олишни назарда тутади. Бугунги кунда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, инсон ҳуқуқларига бўлган эътиборнинг ортиши инклюзив таълимни устувор йўналиш сифатида белгиламоқда.
Инклюзив таълим барча ўқувчиларга, жумладан, жисмоний, ақлий ва сенсор муаммолари мавжуд болаларга тенг таълим олиш имкониятини таъминлашга йўналтирилган тизимдир. Шу сабабли, педагоглар нафақат анъанавий таълим методларига, балки инновацион педагогик ёндашувларга ҳам таяниши лозим бўлади. Айнан инклюзив таълим муҳитида ўқитувчиларнинг касбий компетенцияларини шакллантиришнинг илмий-назарий асослари, замонавий тенденциялар ҳамда илғор халқаро тажрибалар таҳлил қилинади. Инклюзив таълим бўйича илмий адабиётлар таҳлили шунга кўрсатадики, бу соҳадаги тадқиқотлар педагогик инновациялар, технологик ёндашувлар ва инклюзив муҳитни шакллантиришга йўналтирилган.
Инклюзив таълимнинг асосий тамойили — бу тенг имкониятлар тамойилидир. Ушбу ёндашув болаларни алоҳида таълим муассасаларига ажратмасдан, уларни умумий таълим тизимига қўшишни назарда тутади. Бу эса нафақат ногиронлиги бор болалар, балки бошқа кам имкониятли ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун ҳам катта имкониятларни яратади.
Инклюзив таълим орқали:
- Барча ўқувчилар учун тенг шароитлар яратилади;
- Жамиятда бағрикенглик, толерантлик ва ўзаро ҳурмат кучаяди;
- Ногиронлиги бор шахсларнинг жамиятга интеграцияси тезлашади;
- Таълим тизимида адолат ва шаффофлик таъминланади.
Халқаро тажриба ва тенденциялар ЮНЕСКО ва БМТ каби халқаро ташкилотлар инклюзив таълимни глобал миқёсда кенг жорий этишни қўллаб-қувватламоқда. “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” (1948), “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” (2006), Саламанка декларацияси (1994) каби халқаро ҳужжатлар инклюзив таълимнинг ҳуқуқий асосини белгилаб берган.
Кўплаб давлатлар, жумладан Финляндия, Италия, Япония ва Жанубий Корея тажрибаси шундан далолат берадики, инклюзив таълим нафақат ижтимоий барқарорликни таъминлайди, балки таълим сифатини ҳам оширади.
Ўзбекистонда инклюзив таълимнинг ривожланиш истиқболларига келсак, Ўзбекистонда сўнгги йилларда таълим тизимини модернизация қилиш доирасида инклюзив таълимга катта эътибор қаратилмоқда. 2020 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунлар инклюзив таълимни ривожлантиришга ҳуқуқий замин яратди.
Қуйидаги истиқболлар қайд этилади:
- Қонунчиликни такомиллаштириш – инклюзив таълимга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини янада ривожлантириш.
- Олий таълимда кадрлар тайёрлаш – махсус педагогика, дефектология ва психологик хизмат соҳасида мутахассислар етиштириш.
- Мактаб инфратузилмасини мослаштириш – инклюзив муҳитни яратиш учун архитектура, техник ва ахборот технологияларини мослаштириш.
- Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш – инклюзив таълимга оид компетенциялар тизимини шакллантириш.
- Ота-оналар ва жамоатчилик билан ҳамкорлик – инклюзив ёндашувнинг ижтимоий қабул қилиниши ва амалий қўллаб-қувватланиши учун тарғибот ишларини кучайтириш.
Муаммолар ва ҳал этиш йўллари, Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантиришда қатор муаммолар ҳам мавжуд:
- Махсус таълим воситалари етишмаслиги;
- Ўқитувчиларнинг тайёргарлигидаги камчиликлар;
- Жамоатчиликдаги стереотип ва нотўғри қарашлар.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши зарур.
Инклюзив таълим бу — фақатгина таълим сиёсати эмас, балки инсонпарварлик тамойилларига асосланган жамият қуришнинг йўлидир. Ўзбекистонда бу соҳада муайян ютуқлар мавжуд бўлса-да, унинг барқарор ривожланиши учун узоқ муддатли стратегия, мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий база ва аҳоли онгини ўзгартиришга қаратилган комплекс ёндашув зарур. Инклюзив таълим келажакда барча фарзандлар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Инклюзив таълимни миллий шароитга мослаштириш бўйича тадқиқотлар олиб бориб, педагогларнинг тайёргарлиги, махсус методикалардан фойдаланиш ва маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш. Ўзбекистон шароитида инклюзив таълимни кенг жорий этиш учун давлат сиёсати ва ўқитувчиларни тайёрлаш жараёнлари узвий боғлиқ бўлиши лозим.

Инклюзив таълимни миллий шароитга мослаштириш масалалари педагогларнинг махсус тайёргарлиги, ўқув дастурларининг инклюзив талабларга мослиги ҳамда таълим ресурсларини оптималлаштириш муҳимлдир Инклюзив таълимни жорий этишнинг самарали стратегияларини аниқлаш, педагогик инновацияларни ривожлантириш ва миллий таълим тизимини такомиллаштиришга йўналтириш. Шу билан бирга, тадқиқотларда инклюзив таълимнинг ҳуқуқий асослари, мактабларда педагогик ва психологик қўллаб-қувватлаш тизимлари ҳамда ижтимоий омилларнинг аҳамияти таҳлил қилинади. Ўзбек олимларининг изланишлари кўп тармоқли ҳамкорлик, ресурс марказларини ривожлантириш ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича илмий асосланган тавсияларни илгари суради. Хусусан, инклюзив таълим тизимида фаолият юритувчи педагоглар қуйидаги касбий компетенцияларга эга бўлиши зарур:
Яъни коммуникавтив таълимда, инклюзив таълим жараёнида ўқитувчиларнинг ўқувчилар, ота-оналар, ҳамкасблар ва бошқа таълим иштирокчилари билан самарали мулоқот олиб бориш қобилияти бўлиши шартдир. Ушбу кўникмалар нафақат ахборот алмашинуви, балки педагогик ҳамкорлик, ўзаро тушуниш ва инклюзив муҳитни шакллантириш учун муҳим ҳисобланади. Ўқитувчи таълим эҳтиёжлари турлича бўлган ўқувчилар билан ишлаш жараёнида аниқ, равон ва индивидуал эҳтиёжларга мос коммуникатив усуллардан фойдалана олиши зарур. Шунингдек, самарали коммуникация стрессни камайтириш, ижтимоий интеграцияни мустаҳкамлаш ва инклюзив синф муҳитида барча иштирокчилар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради. Ушбу компетенцияни ривожлантириш учун ўқитувчилар психологик мулоқот техникаларини, фаол тинглаш, невербал коммуникация ва конфликларни бошқариш стратегияларини ўзлаштиришлари керак.
Ташкилий ва мувофиқлаштирувчи кўникмалар деганда эса – инклюзив таълим муҳитини шакллантириш жараёнида ўқитувчиларнинг жамоавий ишлаш, ресурсларни самарали тақсимлаш, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ҳамда кўп тармоқли ёндашув асосида турли мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш қобилиятини ифодалайди. Бу кўникмалар ўқитувчига ўқув дастурларини индивидуал эҳтиёжларга мослаштириш, синф муҳитини бошқариш ва педагогик ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради. Самарали ташкилий ва мувофиқлаштирувчи кўникмалар орқали ўқитувчи таълим муассасалари, ижтимоий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, психологлар, логопедлар ва бошқа мутахассислар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, инклюзив муҳитнинг изчил ишлашини таъминлайди. Бу эса нафақат таълим сифати ошишига, балки барча ўқувчилар учун тенг имкониятлар яратилишига хизмат қилади.
Муҳаббат Тошмуродова,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Хорижий тиллар таълими кафедраси катта ўқитувчиси