Индонезия ва Малайзияга сафар самарали бўлди
Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва туризм соҳаси масъуллари, тадбиркорлик субъектлари Индонезия ва Малайзияда хизмат сафарида бўлиб, бизнес форум ва тақдимотлар уюштирди, ушбу давлатлар минтақалари билан сайёҳлик бўйича ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказди.
Жумладан, Малайзияга ташриф давомида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов Куала-Лумпур шаҳри мери ўринбосари Исмади бин Сакирин билан учрашиб, Самарқанд ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида “region to region” форматида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Куала-Лумпурда Ўзбекистон маданият кунларини ташкил этиш ҳамда Самарқандда ўтказиладиган “Самарқанд куни” тадбирларида Малайзия вакилларининг иштироки масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, “Batik Air” авиакомпанияси бош менежери Ражив Кумар билан учрашувда Тошкент–Лангкави йўналишида янги рейс очиш, “Code sharing” асосида ҳамкорликдаги қатновларни йўлга қўйиш ва “Умра+” дастури асосида зиёрат қатновларини амалга ошириш режалаштирилди.

Ислом туризми маркази директори Нур Алиса Коралин Юссин билан учрашувда эса зиёрат туризмини ривожлантириш, ўзбекистонлик мутахассислар учун тренинглар ташкил этиш ҳамда Малайзиядаги 30 та туризм операторининг Ўзбекистонга ташрифи бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, делегация MATTA ва BUMITRA сайёҳлик агентликлари раҳбарияти, Туризм, санъат ва маданият вазирлиги бош котиби ҳамда Малайзия ислом тараққиёт ташкилоти (JAKIM) раҳбарлари билан музокаралар олиб борди. Учрашувларда ҳалол туризм, маданий алмашинув, инвестициялар ва икки томонлама тадбирлар ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.


Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобиловнинг маълум қилишича, вакилларимизнинг туризм тарғиботи борасидаги фаоллиги Малайзия томонидан қўллаб-қувватланган. Ташриф доирасидаги ҳар бир учрашув, мулоқот нафақат туризм, балки маданият, транспорт ва халқаро ҳамкорликни ҳам қамраб олди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири