Имтиёзлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда
Шаҳрихон туманидаги “SDK Group And” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонада йилига 3 миллион донадан зиёд автомобилларнинг мой, ҳаво ва ёнилғи фильтрлари ишлаб чиқарилаётир.
Президентимизнинг 2014-2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисидаги қарори ижроси доирасида Андижон вилоятида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, рақобатбардош маҳсулот ва қўшимча буюмлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда, тармоқлараро ҳамкорлик мустаҳкамланиб, тадбиркорларга имтиёзлар берилаётир.Бу борадаги ишларнинг самарали йўлга қўйилишида божхона хизматининг алоҳида ўрни бор. Андижон вилояти божхона бошқармаси мутахассислари назоратни таъминлаш ва товар айланмасини тартибга солиш, ташқи савдони ривожлантириш бўйича корхоналарга амалий кўмак бермоқда.
Шаҳрихон туманидаги “SDK Group And” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонада йилига 3 миллион донадан зиёд автомобилларнинг мой, ҳаво ва ёнилғи фильтрлари ишлаб чиқарилаётир.
Вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Ф.Тошхўжаевнинг айтишича, ушбу корхонага хориждан келтирилган 761,23 минг АҚШ долларилик хомашёга божхона тўловлари бўйича 726,7 миллион сўм имтиёз берилган. Бу, албатта, корхонага катта иқтисодий фойда келтириш билан бирга, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш имконини бермоқда.
Дарҳақиқат, хориждан келтирилаётган хомашё, ишлаб чиқариш технологияларига божхона тўловлари бўйича берилаётган имтиёзлар “SDK Group And” каби кўплаб корхоналар фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан соҳа вакилларига қатор қулайлик ва енгилликлар яратилди. Хусусан, товарларнинг божхона расмийлаштируви муддати 10 кундан 3 кунга қисқартирилди. Ишбилармонликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби ишлар божхона хизмати сифатини янада юксалтириш имконини бераётир.