Имкониятлар йўли: Тошкентда ижтимоий фестиваль старт олди
2026 йил 12–13 май кунлари "Ўзэкспомарказ" мажмуасида III анъанавий “INSON UCHUN 2026” фестивали бўлиб ўтмоқда. Йирик ижтимоий тадбир давлат, бизнес ва жамиятни бирлаштирган ҳолда инклюзив иқтисодиёт, ижтимоий ҳимоя ва тенг имкониятлар ғоясини илгари суради.
Фестиваль ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий хизматлар ва инсон капиталига қаратилган ташаббусларни намойиш этмоқда. Унда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, тадбиркорлар, ННТлар, таълим муассасалари, ҳунармандлар, HR мутахассислари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар иштирок этмоқда.
Фестиваль доирасида 130 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти, ижтимоий корхоналар, 20 та тижорат банки ва йирик иш берувчилар қатнашмоқда. Унда 100 мингга яқин бўш иш ўрни, стажировка ва профессионал ривожланиш имкониятлари тақдим этилмоқда.
Фестиваль учта асосий ҳудудга бўлинган бўлиб, ҳар бири инсон ҳаётидаги муҳим босқичларни акс эттиради.
Биринчи ҳудуд — “Имкониятлар йўли” деб номланган “ATRIUM” майдони бўлиб, бу ерда инсоннинг болаликдан меҳнат бозоригача бўлган ривожланиш жараёни интерактив форматда намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар инклюзив таълим, касбий ривожланиш, ижтимоий хизматлар ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган замонавий лойиҳалар билан танишиш имконига эга бўлади.
“Job Fair” майдони эса фестивалнинг энг йирик нуқталаридан бири сифатида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, талабалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга қаратилган. Бу ерда иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, экспресс суҳбатлардан ўтиш ва карьера бўйича маслаҳат олиш мумкин бўлади.
Иккинчи ҳудуд — “Abilympics” танловига бағишланади. 13 та йўналиш бўйича ташкил этиладиган мазкур мусобақада иштирокчилар ўз касбий маҳорати ва амалий кўникмаларини намойиш этади. Лойиҳанинг асосий мақсади иқтидорли мутахассисларни аниқлаш, уларни иш берувчилар билан боғлаш ва инклюзив меҳнат бозорини ривожлантиришдан иборат.
Шунингдек, “MEDIALAB” ҳудудида ижтимоий видеолойиҳалар, ҳужжатли ҳикоялар ва инсон тақдирлари ҳақидаги медиа маҳсулотлар намойиш этилади. Бу майдон ижтимоий ҳимоя тизимидаги ўзгаришларни инсон тақдири орқали кўрсатишга хизмат қилади.
Учинчи ҳудуд — ижтимоий тадбиркорлик ва савдо ярмаркаси бўлиб, бу ерда ҳунармандлар ишлари, инклюзив стартаплар, ижтимоий корхоналар маҳсулотлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тақдим этилади. Ташриф буюрувчилар нафақат маҳсулотлар билан танишиши, балки уларни харид қилиши ҳам мумкин бўлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА