Имкониятлар изланишга ундайди
Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Бухоро давлат университети Кузатув Кенгаши аъзоси - Владимир Норов Бухоро давлат университети фаолияти билан яқиндан танишди.
Дастлаб у университет ректори Обиджон Хамидов ҳамроҳлигида талабалар таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Владимир Норов янги ташкил этилган университет Ахборот ресурс марказида бўлди.
Шунингдек, Рақамли иқтисодиёт ва инсон ресурсларини ривожлантириш IT марказида университетда фаолият юритаётган UNIWORK рақамли платформаси билан танишар экан, марказ ходимларига жаҳон сунъий интеллект технологияларини ўзлаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни берди.

БухДУ бизнес акселлератор биносида фаолият юритаётган RobotsAndME робототехника марказининг фаолияти бўйича тақдимот қилинди.
Янгидан ташкил этилган Ахборот технологиялари факультети ўқув хоналари кўздан кечирилди.

Учрашув давомида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар, университетнинг таълим жараёнида ижтимоий шериклик тамойилларини самарали амалга ошириш, таълим сифатини яхшилаш бўйича амалий ишлар юзасидан таклифлар тингланди. Шунингдек, таълим жараёнини такомиллаштириш ва стратегик ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, олий таълимни ривожланишига кўмаклашувчи янги шакл, дастур ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш кераклиги қайд этилди.

Илмий ишланмалар натижаларини амалиётга самарали жорий этиш, ўзаро ҳамкорлик тўғрисида ҳамкорлик келишувларини тузиш амалиётини ривожлантириш ва уларни амалга ошириш, таълим ва фан соҳасида халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган фикрлар билдирилди. Зеро, бугунгидек шароит ва имкониятлар ёшларни изланишга ундайди.
Зариф Комилов, ЎзА