Имконияти чекланган бўлса-да ҳуқуқи чекланмаган
Самарқанд шаҳар Кимёгарлар шаҳарчасидаги 106-референдум участкасида Дарғом маҳалласида яшовчи 1302 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Жумладан, кўзи ожизлар ётоқхонасида яшовчи 353 нафар имконияти чекланган юртдошларимиз мазкур участкада овоз беради. Улар ҳам эрта тонгдан участкага келиб, ўз конституцион ҳуқуқидан фойдаланмоқда.

– Кўзи ожиз фуқаролар учун ҳам участка биносида зарур шароит яратилган, – дейди участка комиссияси раиси Аваз Зиёев. – Улар шу ерда брайл алифбосида чоп этилган Конституциявий қонун лойиҳаси ва бошқа ахборот материаллари билан танишиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, овоз берувчилар сонидан келиб чиқиб, брайл алифбосидаги бюллетенлар олганмиз. Фуқароларнинг истагига кўра, овоз беришни улар яшаб турган жойда ҳам ташкил этишимиз мумкинлиги ҳақида айтганмиз.

– 28 йилдан бери кўзи ожизлар ётоқхонасида яшайман. Жисмоний имкониятим чекланган бўлса-да, жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси сифатида сайлов ва референдумларда фаол иштирок этаман, – дейди Шерали Найманов. – Бугун ҳам қўшниларим билан референдумда иштирок этиш учун келдик. Махсус бюллетендан фойдаланиб, осонгина овоз бердик. Бундай қулайликдан жуда мамнунмиз.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА