Илон Маск: Сунъий интеллект 5 йилдан кейин инсон ақлини ортда қолдиради
Америкалик тадбиркор Илон Маск “The Economist” нашрига берган интервьюсида сунъий интеллект тизимлари кейинги беш йил ичида инсониятнинг умумий ақлини ортда қолдириши мумкинлигига ишонишини айтди.
Унинг таъкидлашича, тахминан 10 йил ичида роботлар ва сунъий интеллект жисмоний ва ақлий ишларнинг кўп қисмини эгаллаб олади ва меҳнат одамлар учун “ихтиёрий танлов”га айланади.
Маскнинг фикрича, бу жараён дунёда “мисли кўрилмаган мўл-кўлчилик”га олиб келади ва пул аввалги аҳамиятини йўқотади. Ҳукуматлар фуқароларга молиявий имтиёзлар бера олади, чунки машиналар томонидан товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш деярли чексиз бўлиб қолади. Дефляция хавфи инфляция хавфидан устун келади.
Маск шунингдек, кейинги 20 йил ичида Буюк Британияда фуқаролар уруши эҳтимолини истисно қилмаслигини айтди. Унинг айтишича, бунга Ғарб қадриятларига зид бўлган қарашлар келтириб чиқарадиган ижтимоий кескинликлар сабаб бўлиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА