Илмли ўқувчилари билан довруғ қозонган мактаб
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманининг Санг қишлоғи тарихда “Минг уйли Санг” деб номланган. Айни пайтда Сангда 21 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.
Қишлоқнинг донғи нафақат вилоят ёки водийга, балки республикамизга ҳам таралганки, бу унинг илму ҳунарли инсонлари туфайлидир.
Бугун ўзининг 100 йиллик тўйига қизғин ҳозирлик кўраётган, қишлоқдаги 10-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабидан етишиб чиққан машҳур инсонларнинг сон-саноғи йўқ.
Мустақилликкача бўлган даврда “Меҳнат Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган Мамажон ота Тошматов, Ҳамровали Омонов, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий комиссари, генерал Сотволди Эргашев, ЎзМУ (собиқ ТошДУ) доценти, педагогика фанлари номзоди Раҳмонжон Ёдгоров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, марҳум қизиқчи Рустам Ҳамроқулов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ортиқали Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор Дилором Раҳматова, Наманган вилояти ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Йўлдошали Жўраев, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Ортиқали Қозоқов сингари элимизнинг таниқли инсонлари ушбу мактабда таҳсил олган.
[gallery-18637]
94 ёшга кирган, бошланғич таълим ўқитувчиси Ширинча Турсунова, рус адабиёти фани ўқитувчиси Мирзавали Омонов ҳамда мактабнинг кўп йиллик раҳбари, уни гимназия мактабига айлантирган инсон Раҳимжон Маманазровлар таълим муассасасининг узоқ йиллик тарихига гувоҳ бўлган таълим фидойиларидан.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА