Илмий кластер ва рақамли трансформация – Янги Ўзбекистон олий таълими тараққиёти гарови
Бугунги кунда жаҳон тараққиёти шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши илм-фан салоҳияти, инновацион ёндашув даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Билимга асосланган иқтисодиёт шароитида илмий тадқиқот ва янги технология рақобатбардошликнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу боис Янги Ўзбекистонда олий таълим, фан ва инновация тизимини ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Хусусан, жорий йил 10 апрелда қабул қилинган Президент фармони мазкур соҳада янги босқични бошлаб берувчи муҳим ҳужжат сифатида эътироф этилмоқда.
Фармоннинг илмий-тадқиқот йўналишидаги энг муҳим жиҳати илмий кластер тизимини жорий этиш орқали фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга қаратилганидир. Илмий кластер орқали миллий тадқиқот университетлари, маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари, ихтисослашган ташкилотлар ҳамда реал сектор вакилларини ягона тизимга бирлаштириш назарда тутилган. Умуман, бу ташаббус илмий ғояларни амалий натижага айлантириш, инновацияни тижоратлаштириш ва илмий ишланмаларни иқтисодиётга жорий этиш имкониятини сезиларли даражада кенгайтиради.
Фармонда белгиланган “Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастури доирасида миллий тадқиқот университетлари мақомини бериш тартиби жорий этилиши илмий салоҳиятни оширишнинг муҳим механизми сифатида намоён бўлади. Бундай ёндашув соғлом рақобат муҳитини шакллантиради, олий таълим муассасаларининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади ҳамда илмий тадқиқот сифатини янги босқичга олиб чиқади.
Шунингдек, илмий тадқиқотни молиялаштиришнинг натижага йўналтирилган тизимини жорий этиш белгилангани ҳам эътиборга лойиқ. Энди устувор йўналишлар асосида амалга ошириладиган илмий лойиҳалар танловининг камида 50 фоизи айнан стратегик муҳим тадқиқотга йўналтирилади. Шу тариқа илм-фан фрагментар эмас, балки тизимли равишда ривожланади. Энг муҳими, молиялаштириш лойиҳаларнинг реал самарадорлиги билан бевосита боғланмоқда. Демак, бундан буён илмий изланиш сифатига нисбатан талаб кескин ошади.
Мазкур фармоннинг яна бир муҳим жиҳати илмий фаолиятга замонавий технология, хусусан сунъий интеллект воситаларини босқичма-босқич жорий этишга қаратилганида кўринади. Илмий лойиҳани экспертизадан ўтказиш жараёнида СИдан фойдаланиш илмий баҳолаш тизимининг шаффофлиги, холислиги ва тезкорлигини сезиларли даражада оширади. Шу билан бирга рақамли таълим ва илмий инфратузилмани изчил ривожлантириш орқали ягона ахборот тизимини шакллантириш устувор вазифа этиб белгилангани изланиш самарадорлигини янги босқичга олиб чиқади.
Айни трансформацион жараёнида Тошкент давлат шарқшунослик университети мамлакатимизда шарқ тиллари, маданияти ва тарихини чуқур ўрганишга ихтисослашган етакчи илмий-таълим марказларидан бири сифатида алоҳида ўрин тутади. Ушбу таълим даргоҳида шаклланган илмий мактаб анъанасини сақлаб қолган ҳолда, замонавий рақамли ва инновацион ёндашув билан бойитиш, ёш тадқиқотчиларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш ҳамда илмий-инновацион муҳитни янада яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Университет таркибида фаолият юритаётган илмий марказлар, хусусан Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази замонавий илмий сиёсатнинг устувор йўналишларини амалиётга татбиқ этишда муҳим ўрин эгаллаган. Марказ фаолияти доирасида шарқ халқларининг бой маданий мероси, қўлёзма манбалари, тарихий-адабий ва фалсафий асарларини тизимли ўрганиш, замонавий илмий методология асосида таҳлил қилиш ҳамда халқаро илмий муомалага киритиш бўйича изчил тадқиқот олиб борилмоқда. Айниқса, изланишларни рақамли технология билан интеграция қилиш орқали натижанинг очиқлиги ва оммабоплигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда марказ ҳузурида амалга оширилаётган илмий лойиҳалар мазмунан анъанавий шарқшунослик йўналишларини ривожлантириш баробарида рақамли трансформация жараёни билан уйғунлаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Жумладан тарихий қўлёзмаларни ўрганиш ва рақамлаштириш, электрон платформалар яратиш, шунингдек маданий меросни 3D моделлаштириш асосида виртуал муҳитда намойиш этиш каби лойиҳалар илм-фан ривожининг замонавий тенденцияларига тўлиқ мос келади. Шу тариқа илмий тадқиқотларнинг самарадорлигини ошириш, натижани таълим жараёни билан уйғунлаштириш имконини ҳам кенгайтирмоқда.
Дарвоқе, илмий лойиҳаларда ёш тадқиқотчилар фаол иштироки таъминланаётгани уларнинг илмий салоҳиятини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Илмий жамоалар таркибида фаол ишлаётган талабалар, магистрантлар ва докторантларда изланиш методологиясини амалий жараён орқали ўзлаштириш, манба билан ишлаш, таҳлил ва натижани тизимлаштириш кўникмасини шакллантириш имконини бермоқда. Шунингдек, университет ва илмий-маданий марказлар ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани ҳам фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Умумий лойиҳалар доирасида ёш олимлар илмий-амалий жараёнга жалб этилиб, тарихий-маданий меросни замонавий ёндашув асосида ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича муҳим тажриба тўпламоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, юқорида айтиб ўтилган Президент фармони асосида илмий тадқиқотларни натижадорликка йўналтириш ҳамда молиялаштиришнинг самарали механизмини шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу билан бирга сунъий интеллект ва рақамли технологияларни илмий фаолиятга кенг жорий этиш, ягона ахборот экотизимини яратиш орқали илмий бошқарув шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Натижада илм-фан ва инновация мамлакат тараққиётининг асосий драйверига айланиб, Ўзбекистоннинг глобал илмий макондаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Беҳзоджон Зокиров,
ТДШУ Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш
илмий-тадқиқот маркази директори