Илм, меҳнат ва ташаббус
“Зулфияхоним издошлари”
Юртимизда илм-фан, давлат бошқаруви ва жамият тараққиётида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар сони ортиб бормоқда. Бухоролик Нозима Холиқова ана шундай фаол, ташаббускор ва замонавий билимларга эга хотин-қизлардан бири ҳисобланади.

Нозима Холиқова 1992 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Ёшлигидан билим олишга бўлган қизиқиши, тил ўрганишга бўлган интилиши ва ўз устида ишлашга бўлган қатъияти унинг кейинги фаолиятида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди. У инглиз тили (таржимашунослик) йўналишида таҳсил олган. Шунингдек, Бухоро давлат университетида таянч докторант сифатида илмий изланишлар олиб борган.
Н. Холиқованинг меҳнат фаолияти изчиллик ва самарадорлик билан ажралиб туради. У Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари сифатида фаолият юритиб, таълим тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. Шу билан бирга, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг Бухоро вилояти ҳудудий вакиллиги раҳбари сифатида ёшларда тил ўрганишга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилди.

Айни пайтда у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Бухоро вилояти ҳудудий филиали раҳбари лавозимида фаолият юритмоқда. Мазкур лавозимда аҳолига хизмат кўрсатиш, миграция жараёнларини самарали ташкил этиш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Нозима Холиқова амалий фаолият билан бир қаторда илм-фан соҳасида ҳам салмоқли натижаларга эришган. У фан йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби бўлиб, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга.
У инглиз, рус, турк ва араб тилларини билади. Халқаро тажриба орттириш мақсадида Шри-Ланка ва Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб, ўз билим ва кўникмаларини бойитган.
Унинг ҳаёт йўли изланиш, меҳнат ва садоқат намунаси бўлиб, ёшлар учун ибрат мактабидир.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА