Илм-фан ва саноат ҳамкорлиги юқори натижа гаровидир
Давлатимиз раҳбарининг Бекобод шаҳрига, хусусан, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖга ташрифи давомида соҳани тубдан ривожлантириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор стратегик вазифалар белгилаб берилган эди.
Ана шу топшириқларнинг ижросини таъминлаш ва белгиланган вазифаларни амалиётга изчил татбиқ этиш мақсадида ОКМКда “GeoMetTex” Илғор муҳандислик мактаби имкониятларидан самарали фойдаланиш ва илмий-амалий изланишларнинг долзарб йўналишларига бағишланган муҳим йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси Абдулла Ҳурсанов, комбинат масъуллари ва мутахассислари, Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат аграр университети, МТТУ “МИСИС” Олмалиқ филиали, Олмалиқ давлат техника институти каби олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда “GeoMetTex” Илғор муҳандислик мактаби директори Шавкат Сайдуллаевнинг мактаб фаолияти, ташкил топиш тарихи, дастлабки ютуқлари, тайёргарлик йўналишлари, шунингдек, мактаб олдига қўйилган истиқбол ва мақсадлар бўйича маълумоти тингланди. Иштирокчиларга комбинатнинг йирик ютуқлари, жумладан, 3-Мис бойитиш фабрикаси лойиҳасининг амалга оширилиши, хорижий илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик натижалари хусусида ахборот берилди.

Хусусан, бошқарув раиси Абдулла Хурсанов ўз нутқида мазкур Илғор муҳандислик мактаби орқали маҳаллий олий таълим муассасалари “Олмалиқ КМК” АЖнинг хорижий ҳамкорлари бўлган нуфузли илмий-тадқиқот институтлари ва илғор хорижий компаниялар билан ҳам бевосита ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлишини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, янги ташкил этилган ушбу муҳандислик мактаби олдига нафақат комбинат эҳтиёжлари учун, балки кейинчалик тижоратлаштиришни (сотишни) кўзда тутган ҳолда янги технологиялар яратишдек устувор мақсад қўйилган.

Давлат раҳбари томонидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига юклатилган соҳавий муаммоларни рақамли платформага жамлаш вазифасининг узвий давоми сифатида, ОКМК Илм-фан ва инновациялар бўлими томонидан комбинат ишлаб чиқаришида илмий ёндашувни талаб этувчи муаммоли саволлар тўплами олий таълим муассасалари вакилларига тақдим этилди. Тадбирда муҳокама давомида олийгоҳлар олимлари томонидан ҳамкорликни кучайтириш учун технопарклар намунасида cо-wоркинг зоналарини ташкил этиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича фанни ўқув дастурига киритиш ҳамда кутубхонадан кун-у тун фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш каби қатор муҳим таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунида Президент топшириқлари ижросини изчил таъминлаш мақсадида муҳим қарорлар қабул қилинди. Унга кўра, яқин ҳамкорликка тайёр бўлган олий таълим муассасалари билан қўшимча битимлар расмийлаштирилади ва уларнинг илмий ишланмаларини ишлаб чиқаришда синовдан ўтказиш имкониятлари яратилади. Бундан ташқари, комбинатда амал қилаётган тизим асосида самарадорликни ошириш бўйича таклифлар қабул қилинадиган умумий рақамли платформа яратилиб, унинг имкониятлари ҳамкор муассасаларга ҳам жорий этиладиган бўлди.
Масъулларга музокаралар ва фикр алмашиш жараёнларини мувофиқлаштириш, муассасаларга бизнес-режалар тайёрлашда кўмаклашиш ҳамда ушбу йўналиш бўйича махсус кенгаш тузиш вазифаси юклатилди.
Тадбир иштирокчилари шунингдек, ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш бўлимининг диспетчерлик маркази фаолияти билан =ам танишди.
А.Мусаев,ЎзА.