Илм-фан ва ишлаб чиқаришда янги босқич
Бухоро давлат университетида “Берекет Кимё Агро” МЧЖ ҚК таъсисчиси Омер Манап ҳамда компания раҳбарияти иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда университет ректори Обиджон Ҳамидов бошчилигидаги раҳбарият ҳам иштирок этди.
“Берекет Кимё Агро” – минерал ўғитлар, биопрепаратлар ва биоҳашаротлар ишлаб чиқаришда етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Учрашувда илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш, қўшма илмий-тадқиқотлар олиб бориш ҳамда халқаро лойиҳаларда биргаликда иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, университет кафедралари филиалларини корхона базасида очиш, қўшма илмий натижаларни тижоратлаштириш, талабалар амалиётини йўлга қўйиш, битирувчиларни ишга жойлаштириш ва фермерлар учун ўқув-илмий марказ ташкил этиш бўйича қўшимча келишув ҳам имзоланди.
Учрашувда Омер Манап сўзга чиқиб, сўнгги беш йил ичида компания фаолиятида сезиларли ютуқлар қайд этилганини, маҳсулот турлари ва кўлами йилдан йилга кенгаяётганини таъкидлади. Шунингдек, университет олимлари билан қўшма тадқиқотларни ривожлантириш ва янги ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди. “Берекет Кимё Агро” МЧЖ ҚК директори Замирбек Улуғов эса корхонанинг кимё, биология ва агрономия йўналишида малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори эканини, университет билан бевосита ҳамкорлик орқали кадрлар тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этишдан мамнунлигини билдирди.
[gallery-24851]
Шу куни университет раҳбарияти ва компания вакиллари корхона лабораторияси ҳамда университет иссиқхона мажмуаси фаолияти билан танишди. Меҳмонларга замонавий ускуналар, янги технологиялар ва олиб борилаётган илмий изланишлар амалий намойиш этилди. Бу ҳамкорлик икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаб, ҳудуд иқтисодиёти, экологик барқарорлик ва малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини янги босқичга олиб чиқади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.