Илҳом Алиевнинг ЎзАга берган интервьюси Озарбайжон давлат газетасида эълон қилинди
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига берган интервьюси Озарбайжон Республикасининг расмий “Azerbayjan” давлат газетасида “Тарихий аҳамиятга молик еттинчи сафар арафасида” сарлавҳаси билан чоп этилди. 22 август куни эълон қилинган материалда икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт-логистика ҳамда энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кенг ёритилган.
Интервьюда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги алоқалар умумий тарих, маданият, тил ва маънавий қадриятларга таяниши қайд этилади. Илҳом Алиев сўнгги йилларда давлатлараро муносабатлар мисли кўрилмаган ривожланиш босқичига кўтарилиб, иттифоқчилик даражасига етганини таъкидлайди. Шунингдек, у Президент Шавкат Мирзиёев билан шаклланган самимий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч икки давлат муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим омил эканини билдиради.
Суҳбатда сиёсий мулоқотнинг фаоллиги ҳам алоҳида қайд этилган. Президент Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, сўнгги беш йил давомида олий даражада 15 та ўзаро ташриф ва мунтазам алоқалар амалга оширилган. 2024 йил август ойидаги Озарбайжон Президенти ташрифи ҳамда 2025 йил июлида Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатлар, хусусан, Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация ва Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома икки томонлама алоқаларнинг ҳуқуқий-сиёсий асосларини янада мустаҳкамлагани қайд этилган.

Материалда Олий давлатлараро кенгаш ҳам икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим институционал механизми сифатида кўрсатилган. Кенгашнинг Тошкент ва Бокуда ўтказилган икки йиғилиши муносабатларнинг изчил ривожланиши ҳамда қўшма ташаббусларни мувофиқлаштиришга хизмат қилаётгани таъкидланган.
Интервьюнинг иқтисодий қисмида савдо ва инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Илҳом Алиевнинг маълумот беришича, 2025 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 795 миллион долларни ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан уч баробардан кўпроқ ошган. 2026 йил январь-май ойларида эса савдо айланмаси 144 миллион долларга етиб, йиллик ҳисобда 33 фоизга кўпайган.
Шунингдек, Ўзбекистон – Озарбайжон инвестиция компанияси, ҳукуматлараро комиссия, энергетика, яшил энергия ва транзит ташувлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида маълумот берилган. Хусусан, 2025 йилда икки давлат ўртасидаги транзит юк ташиш ҳажми 1,4 миллион тоннага етгани, бу кўрсаткич 6,7 фоизга ошгани қайд этилган.
Умуман, Озарбайжон нуфузли газетасида эълон қилинган мазкур интервью икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар фақат сиёсий мулоқот доирасида эмас, балки савдо, инвестиция, энергетика, транспорт, таълим, фан ва маданият каби кўплаб йўналишларда амалий мазмун касб этаётганини кўрсатади.
Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАга берган интервьюсида билдирилган фикрлар Ўзбекистон – Озарбайжон иттифоқчилигининг бугунги мазмуни ва келгусидаги ривожланиш йўналишларини баҳолаш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА