Илғор тупроқ хариталарини яратиш бўйича тажриба алмашилмоқда
Шу кунларда “Тупроқ таҳлил маркази” давлат муассасаси мутахассислари Таиланд қироллигининг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтаётган "Тупроқдаги озиқ моддалар баланси, эрозияси ва тупроқ саломатлиги" мавзусига бағишланган халқаро семинарда иштирок этмоқда.
Соҳага доир янги билимларни эгаллаш, илғор маълумотлардан хабардор бўлиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилган семинар БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Осиё озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги (АФАCИ) ҳамда ФАО ҳузуридаги Глобал тупроқ ҳамкорлигида ўтказилди.

Семинарда мамлакатларда замонавий рақамли тупроқ хариталари яратиш салоҳиятини ошириш масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, тренинг доирасида иштирокчиларга тупроқдаги макро ва микро озиқ элементлар баланси хариталари, тупроқ эрозияси хариталари ва тупроқ саломатлиги хариталарини яратиш, уларни Миллий тупроқ ахборот тизимларига интеграция қилиш бўйича амалий вазифалар муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА