Илғор тажрибалар ўрганилди
Қозоғистон Республикасининг турли соҳа масъуллари ва ҳудуд раҳбарларидан иборат делегация камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш борасида Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ ва Қибрай туманларидаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳаларни ўрганди.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманидаги Тинчлик ва Қорасув маҳаллаларида савдо ва хизмат кўрсатиш, мебель ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш йўналишидаги лойиҳалар намойиш этилди. Юқори Чирчиқ туманида делегация “YUQORICHIRCHIQ ENERGY SYSTEMS”, “ROSEN PARK” каби корхоналар фаолияти билан танишди. Шунингдек, стол тенниси маркази ҳамда 18-мактабда яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

Қибрай туманида эса “AGRO LIGHT BUSINESS” МЧЖнинг агротуризм лойиҳаси ҳамда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида қулупнай етиштириш йўлга қўйилган “MIRSOBIR-AGRO NIHOL” МЧЖ фаолияти ўрганилди.
Жойлардаги учрашувларда маҳаллаларнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад манбаларини яратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Қозоғистон делегацияси вакиллари ўз ҳудудларида амалга оширилаётган илғор ёндашув ва амалий тажрибалар ҳақида ҳам маълумот бериб, келгусида ушбу йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири