Илғор муҳандислик мактабига қабул бошланди
МИСиС Фан ва технологиялар университети ҳамда "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ ҳамкорлигида жорий йилнинг апрель ойида Олмалиқ шаҳрида “ГеоМетТех” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилган эди.
МТТУ МИСиС Олмалиқ филиалида мазкур илғор муҳандислик мактабига талабаларни қабул қилиш учун кириш имтиҳони ўтказилди. Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган илғор муҳандислик мактабининг синов жараёнида 44 нафар талабгор иштирок этди. Икки соат давом этган имтиҳонда номзодлар бойитиш фани бўйича билимларини синовдан ўтказди. Имтиҳон натижасига қараб, иштирокчилар орасидан энг кўп балл тўплаган 12 нафари мактабга ўқишга қабул қилинади.
Маълумот учун: “ГеоМетТех” илғор муҳандислик мактабини ташкил этишдан асосий мақсад Ўзбекистон саноат тармоқлари учун замонавий технологияларни қўллай оладиган, креатив ёндашувга эга ва ишлаб чиқаришда стратегик вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали муҳандис мутахассислар тайёрлашдир. Илғор муҳандислик мактабида келгусида “Кон иши ва бойитиш”, “Нодир, ноёб, камёб ер ва оғир металлар металлургияси”, “Рақамли материалшунослик ва янги технологиялар”, “Технологик жараёнларнинг рақамли трансформацияси” каби йўналишларда таҳсил олинади.
Эътиборлиси, жорий йилда МТТУ МИСиС Олмалиқ филиалини тамомлаган Фотима ва Зуҳра Турсуновалар Илғор муҳандислик мактабининг илк талабалари бўлди. Улар кўплаб танлов ғолиблари бўлгани учун мактабга имтиҳонсиз қабул қилинди.
– Опам Фотима билан Академик А.А.Бочвар номидаги халқаро танловда иштирок этиб, юқори 97 ва 98 баллни қўлга киритдик, – дейди Зуҳра Турсунова. – Шунингдек, CASE-IN халқаро муҳандислик чемпионатида ҳам олийгоҳимиз жамоаси сафида иштирок этиб, совриндор бўлдик. Ушбу эришган ютуқларимиз бизга янги ташкил этилган Илғор муҳандислик мактабига имтиҳонсиз кириш имкониятини берди. Бундан албатта, опам билан жуда ҳам хурсанд бўлдик. Эндиликда биз мактабда Москвадан келадиган тажрибали ўқитувчи профессорлардан таҳсил оламиз. Мамлакатимиз Президентидан ёшларга ўз салоҳиятини, билим ва иқтидорини юзга чиқариши учун яратилаётган шарт-шароитлар учун миннатдормиз. Таҳсил давомида олган билимларимизни албатта мамлакатимиз ва комбинат тараққиётида қўллаймиз.
Муҳандислик мактабида 2025/2026 ўқув йилида магистратура талабалари "Фойдали қазилмаларни бойитиш" йўналиши бўйича таълим олишади.Эътиборлиси, мактабга қабул қилинган талабалар комбинат таркибий бўлинмаларига ҳам ишга олинади. Мактабга қабул қилинган 12 нафар талабанинг ўқиш харажатлари Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан қопланади.
ОКМК Ахборот хизмати