Илғор пахтакорлар даласида бир куни
Гулистон тумани “Боғишамол” сув истеъмолчилари уюшмасидаги пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган 37 та фермер хўжалиги жорий мавсум учун 1 минг 30 гектар майдонга чигит қадаган эди.
Гулистон тумани “Боғишамол” сув истеъмолчилари уюшмасидаги пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган 37 та фермер хўжалиги жорий мавсум учун 1 минг 30 гектар майдонга чигит қадаган эди. Бу майдонлардаги ғўза барча агро-техник тадбирларга риоя қилган ҳолда парвариш қилинди.
Мўл ҳосил етиштирилгани самарасида уюшмадаги фермер хўжаликлари давлатга пахта сотиш контрактация шартномаларини биринчи теримнинг ўзидаёқ ошиғи билан бажармоқда.
Аброр Элтоев раҳбарлигидаги “Боғишамол тараққиёти” фермер хўжалиги 22 гектар пахта майдонининг ҳар гектаридан 30 центнердан ҳосил кўтариб, давлат хирмонига 66 тонна оқ олтин етказиб берди. Биринчи терим охирламай, режа 100 фоизга уддаланди. Тўлиқ пахта териш машиналарида йиғиб олинган ҳосил энг юқори навга сотилди.

– Бу йил биз эккан пахтанинг “Султон” нави – кам сув талаб этадиган, шундай бўлсада серҳосил уруғ экан, – дейди “Олтин ўрда” фермер хўжалиги раҳбари Неъмат Тешабоев. – 45 гектар пахта майдонидаги ҳосилининг 40 гектарга яқинини йиғиб-териб олдик. Шу бугунги кунгача, шартномадаги 150 тонна пахтани юқори навга сотдик. Ҳосилдорлик, ҳозирча 30 центнерга тўғри келмоқда. Яна 5 гектардан ортиқ майдонда биринчи терим пахтамиз турибди. Ҳосил йиғиб олган майдонларимиздаги ниҳолларимизда ҳали очилмаган бўлиқ кўсаклар кўп.
Аъзам Боймаматов раҳбарлигидаги “Улкан хирмон файзи”, Авазбек Тўйчиев раислигидаги “Бахмал нур баракаси” ва бошқа яна бир қатор фермер хўжаликларини ҳам ҳосилдорлиги юқори бўлаётир.
– Қуёшли, очиқ кунлардан фойдаланиб, ҳосилни тез ва сифатли йиғиб-териб олишимизда 2 та “Jon Deer”, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 7 та “TTZ-LS-100 HC” пахта териш комбайни операторларининг хизмати катта бўляпти, – дейди “Боғишамол” СИУ раиси Аброр Элтоев. – “Jon Deer” операторлари Умид Олимов, Санжар Қодирқуловлар ҳар куни 40 тоннага яқин, Шерали Бегалиев, Дилшод Собиров, Ином Мўминов каби “TTZ-LS-100 HC” пахта териш комбайнлари операторлари эса ҳар кунда 8-10 тоннадан ошириб оқ олтинни давлатимиз хирмонига тўкмоқда.

Шунингдек, қўл теримида сидқидил меҳнат қилаётган вилоят адлия бошқармаси, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари, туманимиздаги “Тажрибакор”, “Оқолтин”, “Бахмал” Ҳамид Олимжон номли, Гулистон шаҳридаги “ Улуғобод”, “Обод юрт”, “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинидан теримга чиқаётган ҳашарчиларнинг хизматлари катта.
– Эрта бошлаган ишинг баракали бўлади, дейишгани учун ҳам 3-4 дугона тонгдан велосипедимизга шартта ўтирамизда, теримга тушамиз, – дейди Гулистон тумани Ҳамид Олимжон маҳалласида истиқомат қилувчи илғор теримчи Гулилола Ҳақбердиева. – Машина бошқа ҳашарчиларни далага олиб келгунга қадар биз 50-60 килограммдан пахта териб қўйган бўламиз. Тушликнинг далада ташкил этилаётгани ҳам иш унумдорлигимизни оширяпти. Ҳар куни 180-200 килограммдан ошириб пахта теряпман. Терган пахтам учун кунига 150-160 минг сўмдан ортиқ нақд пул, яна бунга қўшимча, 5-6 литрдан писта ёғи оляпман.
Пахта далаларида йиғим-терим ишлари қизғин давом этмоқда.