Иккита боғча фойдаланишга топширилди
Учтепа тумани Заргарлик маҳалласида 1966 йилдан буён фаолият юритиб келаётган 334-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси реконструкция ишларидан сўнг фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Д.Раҳимова сўзга чиқиб, бугунги кунда мактабгача таълим тизимига берилаётган эътибор натижасида болаларимиз учун замонавий ва хавфсиз муҳит яратилаётгани, бу каби янгиланишлар ёш авлод келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Маҳаллалардаги таълим муассасаларини модернизация қилиш ишлари изчил давом этишини таъкидлади.

Ҳозирда муассаса 390 нафар болани қамраб олиб, улар учун замонавий, қулай ва хавфсиз таълим-тарбия шароитлари яратилди.

Шунингдек, туманнинг Диёробод маҳалласида жойлашган 601-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам ўз фаолиятини бошлади.

Ташкилот 1992 йилда бунёд этилган бўлиб, узоқ йиллар давомида тўлиқ қувватда фаолият юрита олмай келган эди. Муассасанинг 24 гуруҳидан атиги 15 таси фаол бўлиб, 420 нафар тарбияланувчи қамраб олинган, 9 та гуруҳнинг ачинарли ҳолати сабабли эса 270 нафар болажонларимиз ушбу маскандан фойдалана олмаган.

Ушбу ташкилот давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 — 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тўлиқ реконструкция қилиниб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Эндиликда 24 та гуруҳ ва 24 та замонавий болалар майдончаси тўлиқ фойдаланишга топширилди. Энг муҳими, ҳудуддаги 720 нафар болажон сифатли мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлди.

Гулноза Бобоева,
ЎзА