Иккита банк ва микромолия ташкилотига жарима қўлланилди
Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йил апрель ойида ўтказилган йиғилишларда банк ва молия секторининг барқарор фаолияти, қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳамда кредит ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди.
Марказий банк матбуот хизмати маълумотига кўра, апрель ойи давомида жами 6 та йиғилиш ўтказилиб, 30 та масала муҳокама қилинган. Улардан асосий қисми рўйхатга олиш ва рухсат бериш жараёнлари билан боғлиқ бўлиб, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш, устав фондидаги улушларга эгалик қилиш учун рухсат бериш ҳамда аудит ўтказиш ҳуқуқи бўйича аудиторлик сертификатларини тақдим этиш каби масалаларни қамраб олган.
Шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шу билан бирга муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодлари бўйича 15 та масала ҳам атрофлича кўриб чиқилган.
Қўмита йиғилишларида кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир масалалар муҳокама қилинган. Хусусан, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлар талабларига риоя этилиши, банк ҳамда нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция ва ўрганишлар натижалари таҳлил қилинган.
Марказий банк маълумотига кўра, амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этмагани ҳамда текширувлар жараёнида аниқланган камчиликлар сабабли иккита банк ва иккита микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.
Айни пайтда регулятор жарима қўлланган молия ташкилотлари номини очиқламаган.
Экспертларнинг фикрича, банк-молия тизимида назорат механизмларининг кучайтирилиши молиявий барқарорликни таъминлаш, мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда секторда шаффофликни оширишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк жорий йил март ойида ҳам қонунбузилишлар ва жиддий камчиликлар сабабли 188 та кредит ташкилотига нисбатан жарима санкцияларини қўллаган эди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА
--0--