“Иккинчи имкон”: хатога йўл қўйган ёшлар учун янги ҳаёт йўлини очади
Ёш авлод вакиллари бугунги имкониятларни, улар учун Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан яратилаётган шароитларни ҳис этиши, англаши ва унумли фойдаланиши келажакда яхши натижаларга эришишда катта аҳамиятга эга.
Шу мақсадда яратилган “Иккинчи имкон” лойиҳаси асосида жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий касблар ва рақамли технологияларга ўқитишнинг янги босқичи бошланди.
Айниқса, жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, ҳамда стартапларига кўмак бериш, уларни ишли ва даромадли қилиш ғоят муҳим вазифа ҳисобланади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий касбларга ўқитишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси доирасида йўлга қўйилган “Иккинчи имкон” лойиҳаси чин маънода ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Жазо муддатини ўтаётган ёшлар орасида ҳам фан, маданият, санъат, адабиёт, касб-ҳунар, спорт ва бошқа кўплаб соҳаларда юқори потенциалга эга иқтидор эгалар кўпчиликни ташкил этади. Зангиота туманида жойлашган 24-сон тарбия колониясида ташкил этилган замонавий шароитларда эса уларнинг сони янада ортиши шубҳасиз.

Янги ўқув хоналарининг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпўулатов ҳамда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов томонидан Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Иккинчи имкон” лойиҳаси юртимиздаги ҳар бир ўғил-қиз, ҳар қандай вазиятда эътибордан четда қолмаслигининг ёрқин ифодаси эканлиги эътироф этилди.
Ёшларнинг жамиятга мослашишига кўмаклашувчи мазкур ўқув хоналари, уларнинг замонавий касбларни эгаллашига ёрдам берувчи давлат дастури доирасида ташкил этилган. Лойиҳа иштирокчилари 8-12 ойлик интенсив курсларда дастурлаш, веб-дизайн, компьютер муҳандислиги, бошқа касблар ва хорижий тилларга ўқитилиб, ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватланади ва республика миқёсида тан олинадиган малакавий сертификатлар билан таъминланади.

“Иккинчи имкон” лойиҳасининг дастлабки босқичида жазони ўтаётган ёшларнинг қизиқишлари ва истеъдоди Рақамли технологиялар вазирлиги, Касбий таълим агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари ҳамда соҳанинг бошқа мутахассисларидан иборат таркибда тузиладиган ишчи гуруҳнинг ўрганишлари натижасида аниқлаб олинди.
Ўқув курсларини ташкил этиш учун айни вақтда Тошкент, Қашқадарё ва Навоий вилоятларидаги жами 10 та жазони ижро этиш муассасаларида санитария-қоидалари ва гигиена нормативлари ҳамда ўқув стандартларга мос 20 та ўқув хонаси ажратилиб, компьютер ва зарурий ўқув қуроллари билан жиҳозланди.
Мутахассислар билан ҳамкорликда дастлабки тест синовлари қабул қилиниб, дарс машғулотлари бошланди.
Масъулларга машғулотларнинг интенсивлигини ошириш, замонавий касблар билан бирга маиший хизмат кўрсатиш соҳаларини ўргатиш бўйича мутахассисларни жалб этиш, ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, йўналишларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Бир сўз билан айтганда, “Иккинчи имкон” лойиҳаси умрининг энг гуллаган даврида хатога йўл қўйган ёшлар учун янги ҳаёт куртаклари очиб, ҳаёт сўқмоқларида қайта қоқилмасдан, жамиятда ўз ўрнини топиши учун замин ҳозирламоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА