Икки давлат фармацевтика соҳасида қўшма “Йўл харитаси”ни имзолади
Мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, қўшни давлатлар билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик соҳада самарали фаолиятни таъминламоқда.
Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Афғонистон Озиқ-овқат ва дори-дармон идораси (AFDA) раиси Мавлавий Ҳамдулла Заҳид бошчилигидаги соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари, фармацевтика компаниялари, етакчи импортёрлар ҳамда ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида “Ташкент Bio Pharma City” инновацион кластерида Ўзбекистон ва Афғонистон фармацевтика соҳаси вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг маълумотига кўра, икки мамлакат ўртасида фармацевтика саноатидаги ҳамкорликни кенгайтириш, дори воситалари ишлаб чиқариш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Форум якунида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Афғонистон Озиқ-овқат ва дори-дармон идораси (AFDA) ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ҳамкорлик бўйича қўшма “Йўл харитаси” имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тармоқни изчил ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
М. Ҳожиакбарова, ЎзА