ИИВ тизимида “Намунали оила” танловининг республика босқичи ўтказилди
15 май — Халқаро оила куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилаётган ходимлар ўртасида 2022 йилдан буён “Намунали оила” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад — оила муқаддаслигини улуғлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ички ишлар органлари ходимлари оилалари ўртасида соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда ибратли оилалар тажрибасини оммалаштиришдан иборат.

Жумладан, бу йил ҳам танловнинг республика босқичи Бўстонлиқ туманидаги ИИВ “Оқтош” оромгоҳида юқори савияда утказилди. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичларида республика бўйлаб 300 дан ортиқ оила иштирок этди. Саралаш жараёнлари якунига кўра энг муносиб деб топилган 19 та оила республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Кўрик-танлов иштирокчилари “Таништириш”, “Бу менинг оилам”, “Биз китобхон оиламиз” каби шартлар орқали ўзларининг ҳаёт тарзи, оилавий анъаналари, китобхонлик маданияти ва ижодий салоҳиятини намоён этди. Миллий қўшиқ, шеър, саҳна кўринишлари ва рақслар тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Танлов якунига кўра, 1-ўринни катта сержант Розиқовлар оиласи (Навоий вилояти), 2-ўринни майор Абдуллаевлар оиласи (ИИВ марказий аппарат), 3-ўринни майор Жумабоевлар (Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти) оиласи эгаллади.
Шунингдек, қатор иштирокчилар турли номинациялар бўйича ҳам тақдирланди. Жумладан, “Зукко оила” — Тошкент вилояти ИИББ катта сержант Тўхтасиновлар оиласи, “Фаол оила” — Тошкент шаҳар ИИББ майор Розиқовлар оиласи, “Ибратли оила” — Андижон вилояти ИИБ капитан Аббосхоновлар оиласи, “Ижодкор фарзанд” — Фарғона вилояти ИИБ майор Асқаровлар оиласи, “Спортчи оила” — Жазони ижро этиш департаменти Бахриддиновлар оиласи муносиб кўрилди.

Тадбир давомида сўзга чиққан оила - жамиятнинг энг мустаҳкам пойдевори эканини, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизим ходимлари учун соғлом ва аҳил оила муҳити катта аҳамият касб этишини таъкидлади.
Айтиш жоизки, бундай маънавий-маърифий тадбирлар ходимлар орасида нафақат касбий, балки инсоний қадриятларни ҳам юксалтиришга хизмат қилмоқда. Зеро, оила мустаҳкам бўлса, жамият барқарор, келажак эса ишончли бўлади.



Вазира ҒАФУРОВА, ЎзА