ИИВ ходимлари малакасини оширмоқда
Тошкентдаги Инҳа университети ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Тошкентдаги Инҳа университети ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор Нуриддин Норматов ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг фаолияти турли хил катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш билан боғлиқ эканини таъкидлади. Бу эса, ўз навбатида, ахборот технологияларидан фойдаланишни талаб этади.
Дунёда ҳисоб-рўйхат ва статистик маълуломотларни тўплаш ва қайта ишлашда ахборот тизимлари фаол қўлланилмоқда, бу тезкор-тергов тадбирлар ва криминалистик тадқиқотлар ўтказишни енгиллаштирмоқда.
Имзоланган меморандум институт ўқув жараёнига масофадан туриб ўқитиш тизими ва инновацион технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади. Шунингдек, у замований АКТ соҳасида янги ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурларини интеграция қилиш имконини беради. Бундан ташқари, компьютер ва дастурий инжиниринг, математик моделлаштириш, алгоритмлаштириш ва криптография соҳасида замонавий ўқув адабиёти ва материаллар ишлаб чиқилади.
Меморандумга кўра, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун илмий хулоса ва тавсиялар, ўқув режалари, ўқув-услубий ва меъёрий материаллар тайёрлашда яқин ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Инҳа университети билан ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг ички ишлар органлари ходимларининг кибержиноятчиликка қарши курашда билим ва малакасини ошириш борасидаги салоҳиятидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Учрашув якунида таълим муассасалари раҳбарлари меморандумда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш бўйича "Йўл харита"си ишлаб чиқиш борасида келишиб олди.