III “Лазги” халқаро рақс фестивали олдидан матбуот анжумани ўтказилди
Бугун Хиванинг “Ичан-Қалъа” мажмуасида ОАВ вакиллари учун III “Лазги” халқаро рақс фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда 100 нафарга яқин маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари қатнашди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари, вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Сирожиддин Ўсаров фестивалнинг асосий тадбирлари билан йиғилганларни таништирди ва фестиваль билан боғлиқ барча маълумотларни берди.
Тадбирда Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори Шуҳрат Тохтасимов, Ўзбекистон давлат хореография академияси “Санъат назарияси ва тарихи” кафедраси профессори ва филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамраева иштирок этиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди.
Матбуот анжуманида “Лазги” халқаро рақс фестивали 2022 йилдан буён ЮНЕСКО шафелигида ўтказиб келинаётгани, 2026 йилдан бошлаб эса ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти ҳам мазкур нуфузли тадбир шафелигига қўшилгани ҳақида маълумот берилди.
[gallery-29014]
Шунингдек, фестиваль дастуридан “Жаҳон маданий тараққиётида рақс санъати: анъана ва умумбашарий қадриятлар” мавзусидаги III халқаро илмий-амалий конференция, Ўзбекистон ва Туркия маданий қўшма комиссиясининг III йиғилиши, ТУРКСОЙга аъзо давлатларнинг санъат ва рақс соҳасидаги олий таълим муассасалари ректорларининг III йиғилиши, “Турк дунёсининг анъанавий рақси антологияси” мавзусидаги конференция ҳамда этномаданий форумлар ўрин олгани қайд этилди.
Маълум қилинишича, 26-28 апрель кунлари фестиваль доирасида дунёнинг 12 та давлатидан 25 та жамоа рақс танловида ўзаро беллашади.
Таъкидланганидек, танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан 7 нафардан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати шакллантирилган. Шунингдек, танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзодбек Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари