II Тошкент халқаро ярим марафонига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди
Мамлакатимизда оммавий спорт мусобақалари, спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар мунтазам ўтказиб келинаётган бўлса-да, улар орасида енгил атлетиканинг марафон йўналишида ташкил этилаётган тадбирлар ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради.
Эътиборли жиҳати, соғлом турмуш тарзи тарғиботи йўлидаги марафон тадбирлари йилдан йилга аҳолининг барча қатламларини қамраб олаётганлиги билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 6 сентябрь куни пойтахтимиз Тошкентнинг марказий кўчалари бўйлаб ўтадиган навбатдаги йирик югуриш мусобақаси - II Тошкент халқаро ярим марафони нафақат спортчилар, балки аҳолининг кенг қатламларига чинакам спорт ва саломатлик байрамини туҳфа этиши шубҳасиз.

Куни кеча спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Отабек Чориев, дахлдор вазирлик ва идораларнинг мутасадди ва мутахассислари иштирокида II Тошкент халқаро ярим марафонини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўтказилган ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида оммавий спорт мусобақасига тайёргарлик ишлари атрофлича кўриб чиқилди.

Ташкилий ишларни янада самарали олиб бориш, масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш масалалари муҳокамаси давомида билдирилган фикр ва таклифлар асосида ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгиланди.
II Тошкент халқаро ярим марафон баҳсларини нафақат югуриш мусобақаси, шу билан бирга аҳоли ўртасида саломатлик ҳаракати, соғлом турмуш тарзи тарғиботининг муҳим йўналишига айлантириш лозимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, Халқаро енгил атлетика федерацияси тақвимидан ўрин эгаллаган мазкур ярим марафоннинг мавқеини инобатга олган ҳолда унда иштирок этадиган профессионал спортчиларга, ҳакам ва техник қўмита аъзоларига зарур шарт-шароитларни яратиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Халқаро ярим марафоннинг югуриш йўлакларини керакли воситалар билан жиҳозлаш, иштирокчилар ва томошабинлар учун қулай ҳамда хавфсиз муҳитни яратиш борасида керакли тавсиялар билдирилди.
Т. Рўзиев, ЎзА