Ички миграция ортмоқда, одамлар нега яшаш жойини ўзгартирмоқда?
Кейинги йилларда мамлакатимизда ички миграция суръатлари сезиларли даражада ошмоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакат бўйлаб кўчиб келганларнинг 157 минг нафари ёки 62,1 фоизи айнан бир ҳудуд доирасидаги кўчишлар ҳиссасига тўғри келган. Мазкур кўрсаткич 2020 йилга нисбатан деярли икки баробар кўпайган.
Ҳудудлараро миграция 94,6 минг нафарни ёки жами миграциянинг 37,4 фоизини ташкил этган бўлса, ташқи миграция улуши 0,5 фоиз даражасида қолган. Мазкур кўрсаткичлар аҳоли миграциясида ички кўчишлар устунлик қилаётганини тасдиқлайди.
"Оила ва гендер" илмий-тадқиқот институти томонидан Ўзбекистонда ички миграция жараёнларига таъсир этувчи демографик, ижтимоий ва иқтисодий омилларни баҳолашга қаратилган комплекс илмий-тадқиқот ўтказилди.
Тадқиқот давомида Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди бўйича 2010 – 2025 йилларни қамраб олувчи 195 та панель кузатув маълумотлари замонавий эконометрик таҳлил усуллари ёрдамида ўрганилди.
Тадқиқот ички миграциянинг асосий омиллари иқтисодий ривожланиш, аҳоли даромадлари, меҳнат бозори имкониятлари ҳамда демографик кўрсаткичлар эканини тасдиқлади, дейилади "Оила ва гендер" илмий-тадқиқот институти маълумотида.
Эконометрик модель натижаларига кўра, аҳоли жон бошига даромадлар 1 фоизга ошганда ички миграция ўртача 1,42 фоизга ортади. Бу юқори даромад ва иқтисодий имкониятларга эга ҳудудлар кўпроқ одамларни ўзига тортаётганини англатади.
Таҳлил шуни кўрсатдики, бандлик даражаси 1 фоизга ошиши ички миграцияни ўртача 3,15 фоизга камайтиради. Яъни, ҳудудларда иш ўринлари кўпайгани сайин одамларнинг бошқа жойга кўчиш эҳтиёжи ҳам пасаяди.
Тадқиқот демографик омиллар ҳам ички миграцияга таъсир қилишини кўрсатди. Хусусан, никоҳлар сони ошгани сари ички миграция ҳам ортади, туғилиш кўрсаткичи юқорилаши эса аксинча миграция ҳажмининг камайишига хизмат қилади.
Тадқиқот муаллифлари хулосасига кўра, Ўзбекистонда ички миграцияга энг катта таъсирни иқтисодий ривожланиш даражаси, аҳоли даромадлари ва меҳнат бозори имкониятлари кўрсатмоқда. Шу билан бирга, никоҳ, туғилиш ҳамда аҳолининг демографик таркиби ҳам миграция жараёнларининг узоқ муддатли шаклланишида муҳим роль ўйнайди.
Мазкур тадқиқот натижалари ҳудудий ривожланиш сиёсатини такомиллаштириш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутларни қисқартириш ҳамда ички миграция жараёнларини самарали бошқариш бўйича давлат қарорларини қабул қилиш учун муҳим илмий-амалий асос бўлиб хизмат қилади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА