Ичимлик суви сифати доимий назоратда
Аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати ва барқарорлиги жуда муҳимдир. Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ҳамда Маҳаллалар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида меморандум имзоланган бўлиб, унда қонун устуворлигини таъминлаш ва аҳоли манфаатини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Айни кунларда меморандум ижросини таъминлаш мақсадида инспекция мутахассислари шаҳар-туманларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Хусусан, Бешариқ туманининг “Яккатут”, “Ҳ.Олимжон”, “Ватан”, “Қорақўйли” ва “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида инспекция мутахассислари томонидан “Фарғона сув таъминот” акциядорлик жамиятига қарашли бўлган ичимлик суви иншоотларида зарарсизлантириш ускуналарининг ҳолати ва ишлаш жараёнларини ўрганиш бўйича назорат тадбирлари амалга ошириляпти.

Жамиятнинг Бешариқ туман бўлимига қарашли “Қорақўйли” маҳалла фуқаролар йиғинининг Бунёдкор кўчаси ҳамда Ватан маҳалласига қарашли Боғишамол кўчасида жойлашган ичимлик суви иншоотларидаги зарарсизлантириш ускуналарининг ишлаш жараёнлари ўрганилди.
Шунингдек, Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қувасой шаҳар бўлими билан ҳамкорликда бундай тадбирлар Қувасойда ҳам давом эттирилди. Шу мақсадда “Фарғона сув таъминоти” АЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати бўйича аҳоли хонадонларидан сув намуналари олинди.
Ҳозирда ичимлик суви сифатининг белгиланган санитария меъёрларига мувофиқлигини аниқлаш борасида лаборатория таҳлиллари олиб борилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири