Ичимлик сув таъминоти яхшиланади
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилашга қаратилган манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, туманнинг кўплаб ҳудудларида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги "2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. “Кўл Элаш” маҳалласининг Дўстлик кўчасида жойлашган 300 га яқин хонадонда тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ қийинчилик ва муаммолар мавжуд эди. Президентимиз қарори асосида бугун мазкур муаммони бартараф этишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.


Маҳаллада 150 метрдан зиёд чуқурликдаги ичимлик сув қудуғи қазилди, 650 метрга яқин тармоқ тортилди. Сув иншоотини ишга тушириш учун алоҳида трансформатор пункти ҳам ўрнатилди. Амалий ишлар доирасида сув минораси ҳам ўрнатилиши белгиланган. Мазкур ишлар натижасида маҳалладаги 300 га яқин хонадоннинг тоза ичимлик сув таъминоти яхшиланади.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА