Ичан қалъа – дунё сайёҳларининг севимли маскани
Маданий мерос ҳафталиги доирасида "Ўзбекистон маданий мероси" туркум тўпламларининг "Ичан қалъа" давлат музей-қўриқхонасига бағишланган навбатдаги китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди.
Ичан қалъа – Марказий Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик. Хиванинг ички қалъа (Шаҳристон) қисми. Ичан қалъа шаҳарнинг Дишан қалъа (ташқи қалъа) қисмидан кунгурадор девор билан ажратилган. У Хива работи (Дишан қалъа)дан баланд қўрғонтепага ўхшаб кўринади. Ичан қалъага 4 дарвоза (Боғча дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза, Ота дарвоза)дан кирилган.
Хоразм халқ меъморчилигининг нодир намунаси бўлган Ичан қалъа мажмуаси жаҳон сайёҳларининг эътибори ва меҳрига сазовор бўлган маскан саналади.
Ичан қалъа қурилишида Хива меъморлари Ўрта Осиёда қадимдан қўлланиб келган услуб – иншоотларни рўпарама-рўпара қуриш услуби («қўш»)дан фойдаланишган. Mac, Оллоқулихон мадрасаси билан Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасаси, Шерғозихон мадрасаси билан Паҳлавон Маҳмуд мақбараси шу услубда қурилган. Ичан қалъа меъморлигининг яна бир ўзига хос хусусияти биноларнинг алоҳида ансамбль ҳолида қурилганлиги.
Ичан қалъа меъморий ёдгорликлари ёғоч ўймакорлиги, сангтарошлик, ганчкорлик, сиркор сопол ва бошқа ранг-баранг наққошлик безаклари билан безатилган. Ичан қалъа ансамбли меъморий ёдгорлик сифатида муҳофазага олиниб, музейга айлантирилган (1961). 1990 й. дан Ичан қалъа Бутунжаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Маданий мерос агентлиги томонидан мазкур объектни ободонлаштириш, таъмирлашга, халқимиз учун турли маърифий саёҳат тадбирлари ташкил этишга асосий эътибор қаратилмоқда.
Юксак ноширлик талаблари асосида тайёрланган янги китоб-альбомдан "Ичан қалъа" давлат музей-қўриқхонаси ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш мумкин.
Н.Усмонова, ЎзА