Иқтисодий ҳамкорлик янада ривожланади
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 25 февраль куни Иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Болгария ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 25 февраль куни Иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Болгария ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, нефть-газ, фан ва технология, қишлоқ ва сув хўжалиги, кимё ва озиқ-овқат саноати, сайёҳлик, фармацевтика, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, соғлиқни сақлаш, меъморлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, инжиниринг ва инфратузилма каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр Ғаниев ва бошқалар Ўзбекистон билан Болгария ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишлар қатори савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий соҳаларда ҳам изчил мустаҳкамланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон билан Болгария ўртасидаги иқтисодий муносабатлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Хусусан, сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш, иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликка доир қатор битимлар икки мамлакатнинг бу борадаги алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Мажлисда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларини ислоҳ қилиш, модернизациялаш ва диверсификациялаш, иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш, хусусий мулкнинг улушини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани қайд этилди. Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўн бир йилдан буён 8 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани ва макроиқтисодий кўрсаткичлар мунтазам ўсиб бораётгани, бунда юртимиздаги барқарорлик муҳим омил бўлаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам кенг эътироф этилаётгани таъкидланди. Халқаро миқёсдаги нуфузли рейтингларда Ўзбекистон иқтисодиёти тез ва барқарор ривожланаётган мамлакат сифатида етакчи ўринларни эгаллаётгани бунинг ёрқин далилидир.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, савдо-иқтисодий, сармоявий ва илмий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканини таъкидлади. Мамлакатларимиз юклар транзити, логистика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, илм-фан, сайёҳлик, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва хусусий тадбиркорлик каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.
Болгария делегацияси Ўзбекистонда олиб борилаётган кучли иқтисодий сиёсат самаралари, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ҳамда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг пухта ишлаб чиқилган механизми, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги кенг имкониятлар ва имтиёзлар билан таништирилди. Меҳмонлар мамлакатимизда фаол олиб борилаётган хусусийлаштириш жараёни ва бу борадаги янгиликларга, иқтисодиётимизнинг барча тармоқларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг самараларига юқори баҳо берди. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
– Мамлакатларимиз ўртасида узоқ йиллик дўстона муносабатлар қарор топган, – деди Болгария Республикаси минтақавий тараққиёт ва ободончилик вазири, комиссия ҳамраиси Лиляна Павлова. – Болгарияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга интилиш кучли. Айни пайтда мамлакатингизда Болгария сармояси иштирокида тузилган қатор корхоналар фаолият юритаётгани бизни қувонтиради. Уларни янада кўпайтириш тарафдоримиз. Ўзбекистон билан савдо, сайёҳлик, энергетика, табиатни муҳофаза қилиш, транспорт ва логистика, фан, таълим каби қатор соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиш имкониятлари катта. Ушбу тадбир мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини оширишга, қўшма бизнес лойиҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Мажлисда ёқилғи-энергетика ва сайёҳлик соҳаларида ҳамкорлик билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар энергия манбалари конларини ўзлаштириш, сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш, меҳмонхона бизнесини ривожлантириш, туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш юзасидан фикр алмашди. Икки мамлакатнинг ишлаб чиқариш субъектлари ўртасида бевосита ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
– Мажлис давомида Ўзбекистон иқтисодиёти ва сармоявий салоҳиятига бағишланган маърузаларни тинглаб, мамлакатингиз иқтисодиёти барқарор ривожланиб бораётгани, бу ерда хорижий ишбилармонлар учун улкан имкониятлар яратилгани ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлдик, – деди Болгария кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш агентлиги ижрочи директори Мариета Захариева. – Икки томонда ҳам мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиб, ўзаро фойдали савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада тараққий эттириш ниятидамиз.
Тадбирда биргаликда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Болгария ишбилармонларининг Ўзбекистондаги инвестициявий муҳитга, акциядорлик жамиятлари фаолиятига қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилди. Иқтисодиёт, савдо, сармоя, хусусий сектор, инфратузилма, транспорт, логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги, сайёҳлик, фан ва технологиялар каби йўналишлардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва ривожлантиришга келишиб олинди.
Шу куни Ўзбекистон ва Болгария ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, бу борадаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, мамлакатимизда акциядорлик жамиятларини хусусийлаштириш имкониятларига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Болгария делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида музокаралар ўтказди.