Хусусий тиббиётнинг қамрови ортмоқда
Қарор ва ижро
Соғлиқни сақлашнинг хусусий сектори томонидан кўрсатилаётган тиббий хизмат турлари ва қамрови йил сайин сезиларли даражада кўпаймоқда. Мазкур соҳада давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, шунингдек, республикада ва чет элда тиббий кадрлар малакасини ошириш, тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш тизимини жорий этиш масалалари долзарблигича қолмоқда.

Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорига асосан, Тошкент вилоятида 2018 йил 88 тани ташкил этган хусусий тиббиёт муассасалари сони ҳозирда 854 тани ташкил қилмоқда. Ушбу хусусий клиникаларда 1 минг 400 нафардан ортиқ шифокор ва 1 минг 974 нафар ҳамшира фаолият юритмоқда. Вилоятда 2024-2026 йилларда 170 дан зиёд янги хусусий клиникалар ташкил этилиши ва 2026 йил якуни билан жами хусусий клиникалар сони 1000 тага етказилиши режалаштирилган.

Вилоятнинг аҳоли зич яшайдиган Чирчиқ, Янгийўл, Олмалиқ шаҳарлари, Тошкент ва Бўстонлиқ туманларида ташкил этилган 5 та хусусий клиникалар ташкил қилиш учун ҳозиргача чет давлатлардан жами 3 миллион 450 минг доллар миқдорида инвестиция жалб этилди. Хусусан, Тошкент туманида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган 60 ўринга мўлжалланган биринчи хусусий туғруқ комплекси иш бошлади. Эътиборлиси бу лойиҳа ҳудудда ягона ҳисобланади.

Ўтган йил хусусий тиббиёт муассасалар томонидан 185 минг 493 нафар беморга стационар шароитида даволаш ишлари амалга оширилди. Амбулатор шароитидаги хусусий клиникалар томонидан 2 миллион нафардан ортиқ аҳолига диагностика, маслаҳат ва консерватив даволаш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, вилоятда тиббий туризмни ривожлантиришда бу тоифадаги тиббиёт марказларининг ўрни катта.
Ўтган бир йилда 4 минг 597 нафар хорижий фуқароларга 6 миллиард 278 миллион сўмдан зиёд тиббий хизматлар кўрсатилди. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида ўтказилган “Инсон қадри учун” бепул тиббий хизмат акциясида муҳтож аҳоли қатламига ҳам бепул ёрдам кўрсатилди.
А.Мусаев, ЎзА