Хусусий секторда бензин нархи арзонлашмаган...
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам АИ-80 маркали бензин белгиланган нархларда сотилиши назорат қилинмоқда.
Хусусан, “Кучлик” нефтбаза Тошкент вилоят унитар корхонаси директори Элёр Худойшукуровнинг таъкидлашича, жойларда жами 232 та ёқилғи қуйиш шохобчалари мавжуд. Шундан 28 таси “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли бўлиб, харидорларга АИ-80 маркали бензин арзонлаштирилган 5 минг 700 сўм нархда, чекловларсиз сотиляпти. Бироқ қолган 204 тада яъни хусусий секторга қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларининг айримларида АИ-80 маркали бензин сотилмаяпти ёки белгиланган янги нархдан қимматроқ.

Масъулларнинг айтишича, тадбиркорлар биржа савдоларида бензинни қимматроқ нархда сотиб олган. Шу сабабли ҳам аввалги нархдаги бензин сотиб бўлинмаса арзонлаштирилган тартибга ўтилмайди. Шу каби ҳолатларни эътиборга олиб, жойларда мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари бу каби ҳолатларни ўрганяпти. Нархларнинг сунъий оширилмаслигини мунтазам назорат қилиш чоралари кўриляпти.
Жумладан, Чирчиқ шаҳар ҳокими Д.Ҳидоятов ва шаҳар ИИБ бошлиғи Э.Султонов ҳамда инспекция ходимлари ҳамроҳлигида ҳудуддаги автомобилларга бензин қуйиш нуқталари фаолияти ўрганилди. Аҳолининг ушбу ёқилғиларга талаб ортганидан фойдаланиб, нарх-навонинг сунъий ошиб кетмаслигининг олдини олиш бўйича тадбиркорлар билан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Аниқланадиган қонунбузарлик ҳолатлари бўйича тегишли чоралар кўриладиган бўлди. Вилоятда бу каби ўрганишлар давом этяпти.
А.МУСАЕВ, ЎзА.