Хусусий мулк дахлсизлиги таъминланади
Жамиятнинг иқтисодий негизини мулк ташкил этади, ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк билан, мулк кимга тегишли эканлиги билан баҳоланади. Хусусий мулксиз ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни имконияти бўлмайди.
Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборатдир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан сўнгги беш йилда хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатда тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ 2002 йил 29 августда қабул қилинган “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” ПФ-198-сонли Фармони мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Фармонда хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи тартиблар, талаблар ва чекловлар 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бекор қилиниши ер участкаларига бўлган ҳуқуқни сўзсиз таъминлайди.
Хусусан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш асосларининг бекор қилиниши, давлат идорасининг расмий ҳужжатига ишониб мол-мулк орттирган ёки сотиб олган шахснинг мулкга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилинишини аниқ меъзонларини тартибга солади. Эндиликда мулкка нисбатан ҳужжатларни бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш низолари фақат суд томонидан ҳал этилади.
Ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш. Бунда, ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади.
Юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш. Бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилиши, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб берилиши белгиланиши мулк ҳуқуқи дахлсизлигини тўлиқ таъминлайди.
Шунингдек, турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш бекор қилинди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, турли тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, ўзига тегишли бўлган мол-мулкга мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, бу ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мақсадидир.
Умуман олганда, Фармон келажакда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш билан бирга мамлакат иқтисодиётини ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш ҳамда давлат органлари билан муносабатларда хусусий мулк ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш учун бевосита шароитлар яратишда кучли туртки бўлади.
Жамила Султанова,
Хоразм вилояти маъмурий суди раиси
ЎзА