Ҳуқуқ, меҳр ва назорат уйғунлиги
Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил ривожлантирилмоқда. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ҳамда озодликдан маҳрум этилган шахсларни сақлаш муассасаларида қонунийлик ва инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Омбудсман институтининг фаолияти нафақат жамоатчилик назоратини кучайтириш, балки аҳолида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Омбудсманнинг Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Ҳусенова томонидан Қоракўл туманида бир қатор амалий тадбирлар ташкил этилди. Улар инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва муассасалар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Дастлаб “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Ногиронлиги бўлган шахслар учун Эркаклар “Ғамхўрлик” марказида ҳуқуқий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда ижтимоий ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил апрелда қабул қилинган “Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Тадбир давомида мазкур фармон орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш, реабилитация ва ижтимоий интеграция жараёнларини янада кучайтиришга қаратилган вазифалар ҳақида батафсил сўз юритилди. Шунингдек, Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ваколатлари, миллий превентив механизм доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам иштирокчиларга муҳим маълумотлар берилди.
Шундан сўнг Омбудсманнинг Бухоро вилояти минтақавий вакили “Ғамхўрлик” марказида навбатдаги мониторингни амалга оширди. Мониторинг давомида муассасада яшовчилар учун яратилган яшаш шароитлари, тиббий хизмат, овқатланиш, санитария ҳолати ҳамда ижтимоий реабилитация ишлари атрофлича ўрганилди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, муассасада мустақил ҳаёт кечириш имкониятига эга бўлган фуқароларни жамиятга мослаштириш мақсадида касбга йўналтириш лойиҳалари самарали йўлга қўйилган. Хусусан, “Тикувчилик” лойиҳаси амалга оширилаётган бўлса, “Лимончилик” ва “Боғдорчилик” йўналишларида ҳам амалий ишлар ташкил этилган. Бу лойиҳалар орқали муассаса яшовчилари меҳнат жараёнига жалб қилиниб, уларнинг меҳнат кўникмалари шакллантирилмоқда, ўз-ўзини бошқариш қобилияти ривожлантирилмоқда ва келажакда мустақил ҳаёт кечириш учун зарур ижтимоий тажриба орттирилмоқда.
Бундай ёндашув инсонни фақат парваришлаш эмас, балки унинг шахсий салоҳиятини рўёбга чиқариш, меҳнат орқали ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва жамиятнинг фаол аъзосига айлантиришга хизмат қилаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Мониторинг тадбирлари Қоракўл тумани ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш гуруҳи тасарруфидаги Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ҳам давом эттирилди. Ташриф чоғида маҳбуслар сақланаётган камералар, тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари, тинтув ва тергов хоналари, адвокатлар билан учрашув хоналари ҳамда муассасанинг умумий санитария ҳолати кўздан кечирилди.

Бундай мониторинглар инсон ҳуқуқлари таъминланишини амалда назорат қилиш, қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш ҳамда ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, ҳар бир текширув инсон қадрини улуғлаш ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Қоракўл туманида ўтказилган мазкур тадбирлар ва мониторинглар Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил ва манзилли амалга оширилаётганининг яна бир амалий тасдиғидир. Давлат ва жамоатчилик назоратининг уйғунлиги, меҳр-мурувват ҳамда ҳуқуқий ҳимоянинг бирлашуви инсон қадрини энг олий қадрият сифатида эътироф этаётган мамлакатимиз тараққиёт йўлининг ёрқин ифодасидир. Бу каби ташаббуслар нафақат бир муассаса ёки бир ҳудуд ҳаётини, балки бутун жамиятда инсонпарварлик, адолат ва масъулият муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири