Шу кунларда Япониянинг Токио ва Осака шаҳарларида "Экспо-2025" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда мамлакатимиз ҳунармандлари, жумладан, риштонлик машҳур кулол Бахтиёр Назиров ўзининг ноёб кулолчилик асарлари билан иштирок этмоқда.
Маълумки, Риштон Фарғона водийсининг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, қадим замонлардан Марказий Осиёдаги энг йирик ажойиб сирланган сопол буюмлар маркази ҳисобланади. Шаҳардаги Дахбед, Чиннигарон, Кузагарон, Кулолон маҳаллаларида кулолчилик ривожланган.

Риштонлик моҳир уста Бахтиёр Назаров ҳам миллий кулолчилик анъаналарини мукаммал даражада намоён этиб, ўзининг юксак маҳорат билан ишланган буюмлари орқали юртимиз маданияти ва санъатини дунёга танитмоқда.
Айни кунларда у томонидан яратилган кулолчилик буюмлари токиоликларнинг эътиборига сазовор бўлиб, ҳунармандимизнинг меҳнати ва маҳорати юксак баҳоланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу каби йирик халқаро тадбирларда иштирок этиш ўзбек ҳунармандининг жаҳон саҳнасидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Гулноза Бобоева, ЎзА