Ҳунармандлар Хитойда малака оширди
Хитой Халқ Республикасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 2026 йилги халқаро маданий алмашув тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон делегацияси таркибида рассомлар, “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари, маданият соҳаси мутахассислари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Дастур доирасида ижодий учрашувлар, тажриба алмашиш, маҳорат дарслари ва музокаралар ташкил этилди. Фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Мамлакатимиз ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, санъат ва ҳунармандчилик йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси Пекиндаги “BBMG Group” кўп тармоқли компанияси фаолияти билан танишди.

Ташриф давомида компаниянинг асосий фаолият йўналишлари, замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда инновацион лойиҳалари тақдим этилди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Ш️унингдек, делегация аъзолари Жи Нан (Жинан) шаҳридаги саноат туризми йўналишида фаолият юритувчи "World Group" компанияси фаолияти билан танишди.
Ташриф чоғида компаниянинг ишлаб чиқариш жараёнлари, саноат туризмини ташкил этиш тажрибаси, ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар ҳамда мазкур йўналишни ривожлантириш борасидаги ёндашувлари юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Шу билан бирга, учрашув давомида ҳунармандчилик ва туризм соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш, истиқболли ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,ЎзА