Ҳунарли киши хор бўлмас
Андижонда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Меҳримиз сизга” хотин-қизлар маркази ташаббуси билан Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди, вилоят Бандлик Бош бошқармаси ҳамда Андижон шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида аҳоли бандлиги, касб-ҳунарга ўқитиш фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида туман, шаҳар ҳокимликлари, маҳалла тизими билан ҳамкорликда аҳоли, хусусан, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги муҳим вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар тингланиб, мавзу доирасидаги ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Давра суҳбати доирасида “Меҳримиз сизга” хотин-қизлар марказининг “Янги Ўзбекистонда ҳунарли киши асло хор бўлмас!” номли лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
[gallery-3392]
– Ушбу лойиҳамиз Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланди, – дейди “Меҳримиз Сизга” хотин-қизлар маркази раҳбари Холидахон Мирзараҳимова. – Лойиҳа доирасида туман, шаҳар хотин-қизлар кенгашлари, маҳалла ва оила бўлимлари билан ҳамкорликда “Аёллар дафтарига” киритилган опа-сингилларимизни касб-ҳунарга ўқитиш борасида ишлар олиб борилади. Мақсадимиз, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, камбағалликдан чиқариш, турмуш фаровонлигини яхшилашга кўмаклашишдир.
Тадбирда лойиҳа давомида олиб бориладиган ишлар ҳақида маълумот берувчи видеоролик намойиш этилди.
Якунда мутахассислар томонидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича янги-янги лойиҳалар тайёрлаш юзасидан иштирокчиларга таклиф ва тавсиялар берилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА